7-8 октябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу семинар машғулотлари давомида қуйидаги мавзуларда маърузалар тингланди:
- “Қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар. Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция ва унга Факультатив протоколнинг асосий мазмун-моҳияти”;
- “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатларининг Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида ифодаланиши”;
- “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши”;
- “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”;
- “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари”;
- “Вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”;
- “Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, шунингдек, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси экспертларининг маърузаларидаги билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.
Семинар-тренингда ўз билими, малака ва кўникмаларини мустаҳкамлаган тренерлар, аввал хабар қилинганидек, шу йил 18 октябрдан – 6 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг 1 минг 154 нафар ходими учун ташкил этиладиган ўқув курсларида ўз маърузалари ва амалий машғулотлари билан иштирок этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.10.2021
- Кўришлар: 3455
- Чоп этиш