Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов 4 февраль куни Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова билан учрашуви чоғида унга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов номидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини топширди, деб хабар бермоқда ombudsmanrf.org сайти.
“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан таъсис этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ва гувоҳномасининг тавсифлари тасдиқланган.
Мазкур кўкрак нишонини таъсис этишдан мақсад – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда тақдирлаш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганлар намунасини, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Бу билан давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини кучайтириш назарда тутилган.
Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.
Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.
2020 йил 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни илк бор бир гуруҳ юртдошларимиз ва икки нафар хорижий мамлакат фуқароси, шу жумладан, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Т.Москалькова “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонига сазовор бўлганди.
Учрашув чоғида мамлакатимиз Фавқулодда ва мухтор элчиси Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ватанига қайтариш борасида зарур амалий чораларни кўргани ва пандемия даврида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда яқиндан кўмаклашгани учун Россия Омбудсманига миннатдорчилик билдирди. Б. Асадов, шунингдек, меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий дастурлар ва бошқа таъсирчан чора-тадбирлар ҳақида тўхталди.
Ўз навбатида, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили миграция масалалари ҳақида сўз юритди. Т.Москалькова, хусусан, хорижда қийин вазиятга тушиб қолган россияликларга ва Россия ҳудудида худди шундай ҳолатга дуч келган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатишда икки томонлама амалий ҳамкорликнинг муҳимлигига эътиборни қаратди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.02.2021
- Кўришлар: 4343
- Чоп этиш