Самарқанд декларацияси имзоланди

Самарқандда ўз ишини бошлаган “CITES CoP20”конференциясининг стратегик таъсирини кучайтиришга қаратилган юқори даражадаги мулоқот доирасида Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида Марказий Осиёда ёввойи фауна ва флора ресурсларидан барқарор фойдаланишни қўллаб-қувватлаш ва ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича 2026–2032-йилларга мўлжалланган Самарқанд декларацияси ва минтақавий ҳамкорлик режасини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Traffic International билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган декларация ва ҳаракатлар режаси Марказий Осиё мамлакатлари яшаш жойларининг йўқолиши, иқлим ўзгариши, браконерлик ва ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ минтақанинг биохилма-хиллигига тобора ортиб бораётган таҳдидларни биргаликда ҳал қилишга содиқлигини акс эттиради. 

Ҳужжатда миллий атроф-муҳит, божхона, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий ишчи гуруҳларни тузиш, ахборот алмашинувини яхшилаш ва замонавий мониторинг технологияларини илгари суриш кўзда тутилган.

Минтақавий ҳамкорлик муҳим маълумотларнинг мунтазам алмашинуви, қўшма назорат механизмларини ишлаб чиқиш, ноқонуний савдога қарши курашиш учун минтақавий тармоқни яратиш ва чегара ҳудудларида мувофиқлаштирилган ҳаракатлар орқали мустаҳкамланади. Бундан ташқари, мамлакатлар ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш, экотизимни тиклаш, ноёб турларни ҳимоя қилиш, мутахассислар малакасини ошириш, экотуризмни ривожлантириш ҳамда маҳаллий жамоаларнинг табиатни муҳофаза қилиш ташаббусларида иштирок этишини ўз ичига олган ва барқарор иқтисодий ечимларни қўллаб-қувватлайдиган ягона стратегик асосни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олдилар.

Самарқанд декларациясининг имзоланиши Марказий Осиё давлатлари минтақанинг ноёб табиий меросини сақлаб қолиш, экологик барқарорлик, ижтимоий интеграция ва иқтисодий ривожланишнинг уйғунлигини таъминлаш учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишини таъкидлайди.

Ғ. Ҳасанов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech