“Сен истеъдодлисан” танловининг ҳудудий босқичи якунланди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги 16-сонли умумтаълим мактабида юқори тайёргарлик асосида ўтказилган “Сен истеъдодлисан” танловининг иккинчи ҳудудий босқичи ўз ниҳоясига етди.
Танловда 16 нафар истеъдодли ўқувчи иштирок этиб, ўз йўналишида маҳорат ва қобилиятларини намоён этишди. Иштирокчилар ижодий чиқишларида фақат техник маҳорати билан эмас, балки саҳна маданияти ва чиқишларнинг бадиий қиймати билан ҳам баҳоланишди.


Якуний натижаларга кўра, Эстрада вокал (анъанавий ижрочилик) йўналишида Ховос туманидаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Маҳмуджон Толибжонов ғолибликни қўлга киритди.
Тасвирий санъат йўналишида эса Янгиер шаҳар 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ҳусан Тўлқинов фахрли 1-ўринни эгаллади.

Ғолиблар ва муваффақият қозонган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланибгина қолмай, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Бу эса уларнинг ижодий фаоллиги ва меҳнатини қадрлашнинг яна бир исботи бўлди.


Танлов давомида иштирокчиларнинг ижодий қобилиятлари, саҳна маданияти ҳамда инновацион ёндашувлари алоҳида эътироф этилди. Мутахассислар ва педагоглар ижодий салоҳиятни рағбатлантириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий йўналишдаги ўсишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири
Ўзбекча
English
Русский