Сенат раиси: Миллий маърузалар тайёрлашда нафақат парламент ва Инсон ҳуқуқлари маркази, балки бу борада Вазирлар Маҳкамасининг имкониятларини ҳам сафарбар қилиш керак

Олий Мажлис Сенати йигирма биринчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижро этиш ҳолатлари алоҳида тилга олинди.

Сенат раиси ўз сўзида барча тармоқларнинг кадрлар малака ошириш институтлари, марказлари ёки академияларида инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича ўзларига тегишли дарсликлар киритиш кераклигини қайд этди.

– Ишлаб чиқилаётган дарсликларни экспертиза қилишга вазирлик идоралари ва олимлардан ташқари, кенг жамоатчиликни жалб қилиш муҳимдир. Дарсликлар халқчил, оддий одамлар тушунадиган бўлиши лозим.

Айтиш жоиз, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид БМТнинг барча Конвенцияларини ратификация қилган. Улар мамлакатимиз миллий қонунчилигига имплементация қилинган. Конвенцияларнинг бажарилиши юзасидан белгиланган муддатларда Миллий маърузалар тақдим этиб борилади.  Сенат раиси ушбу Миллий маърузалар тайёрланиши бўйича тавсиялар берар экан, уларни  Вазирлар Махкамасидан экспертизадан ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлигига урғу берди.

 – Миллий маъруза – бу ҳукуматнинг маърузасидир. Бу жараёнга Вазирлар Маҳкамасининг имкониятларини ҳам сафарбар қилиш керак. Ҳукуматнинг Комплекс раҳбарлари “Йўл харитаси”нинг ўзларига тегишли бўлган топшириқлари бажарилишини идора ва вазирликлардан қатъий сўрашлари лозим. Шундагина олдимизга қўйган мақсадларга эришамиз.

– Қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, белгиланган муддатда киритилмаслиги ёки "Йўл харита"ларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмаслигига Марказ жавоб бермайди, у бажарилган ишларни мувофиқлаштиради. Лекин, ижронинг таъминланишида Олий Мажлис иккала палатасининг қўмиталари ёрдам бериши лозим. Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда ишлар тўғри ташкиллаштирилса, Миллий маърузани тайёрлашда яхши натижага эришиш мумкин.

Манба: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech