Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева мамлакатимизда “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари – омбудсманлари билан учрашди.
Мулоқотда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, парламентлар, омбудсманлар ҳамда миллий инсон ҳуқуқлари институтлари ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда инсон ҳуқуқларини таъминлашда халқ билан бевосита мулоқотнинг аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сенаторларнинг ҳудудларда аҳоли билан учрашувлари ва сайёр қабуллари, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, шунингдек, парламент назорати механизмлари орқали қонунлар ва давлат дастурлари ижросини таҳлил қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, ҳудудлардаги реал эҳтиёж ва муаммолардан келиб чиққан ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш таклифларини тайёрлаш муҳим йўналишлардан бири экани қайд этилди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги халқаро ташаббуслари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш механизмларини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада мустаҳкамлади. Жумладан, Сенат ва Омбудсманга қонунчилик таклифларини киритиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, Омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилиб, Конституциявий судга мурожаат қилиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш, огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш, зарур ҳолларда шахсларни жавобгарликка тортиш масаласини қўйиш каби муҳим ваколатлар мустаҳкамланди.
Мулоқотда инсон ҳуқуқлари умуминсоний қадрият ва барча учун умумий масъулият экани таъкидланди. Халқаро ҳуқуқ нормалари ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб масалаларга биргаликда ечим топиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
