Адолатли, очиқ ва ошкора Нуфузли халқаро конференцияда Ўзбекистонда сайловлар ана шундай тамойиллар асосида ўтади деган хулосага келинди

Шу йил 1 июль куни Гулистон шаҳрида “Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Барқарор ривожланиш маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда унинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТ Тараққиёт дастури, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги кўмагида онлайн ҳамда офлайн форматларда ташкил этилди.

Конференция иштирокчилари сайлов қонунчилиги ва амалиётини кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги янгиликларини баҳолаш имконига эга бўлди ва уларни такомиллаштириш бўйича қатор хулоса ҳамда тавсияларни ўз ичига олган Гулистон ҳужжатини қабул қилди.

 

Анжуманнинг асосий хусусиятлари

Аввало, конференция Ўзбекистондаги бу йилги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалардан бири — Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асосини муҳокама қилишга ҳамда сайлов қонунчилигини ривожлантириш тенденциялари ва давом этаётган коронавирус пандемияси шароитида демократик сайловларни ўтказиш амалиёти бўйича фикр ҳамда тажриба алмашишга бағишланган.

Тадбирда 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг (Грузия, Ҳиндистон, Қирғизистон, Молдова, Польша, Португалия, Россия, Тожикистон, Япония) 50 дан ортиқ мутахассислари ва Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, Олий Мажлиснинг 200 га яқин вакиллари, суд тизими, Марказий сайлов комиссияси, етакчи илмий-таҳлилий марказлар, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари ходимлари, соҳадаги етакчи экспертлар қатнашганлиги халқаро ҳамда маҳаллий экспертлар ҳамжамиятининг конференция мавзуига бўлган катта қизиқишидан далолат беради. Тадбирнинг онлайн қисмида экспертлар интернет орқали 71 та нуқтадан қатнашди.

Қайд этиш лозимки, иштирокчилар фикрига кўра  Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловлар мамлакатимизнинг, умуман, бутун Марказий Осиё минтақасининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболда янада барқарор ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Пьер фон Аркснинг сўзларига кўра, конференция халқаро ҳамжамиятга Президент сайловини юқори халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ўзбекистон эришган ютуқлар билан танишиш имкониятини берди. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган ҳолда ўтказилган сайловлар Ўзбекистон манфаатига хизмат қилади. Бу нафақат Марказий Осиёда, балки халқаро миқёсда демократия ва барқарорликнинг намунасига айланади.

Польша Табиий ва гуманитар фанлар университети профессори Ежи Шукальски: “Мен Ўзбекистонда 2016 йилдаги сайловларда хорижий кузатувчи сифатида иштирок этдим. Ўша даврнинг ўзидаёқ Ўзбекистонда янгича очиқлик ва ошкоралик, демократия руҳи намоён бўлганди. Албатта, Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ислоҳотлар мутлақо янги муҳитни шакллантирдики, бўлажак сайловлар юксак демократик тамойилларга мос бўлади дейишга етарли асос бор”, дея алоҳида таъкидлади.

Конференция мамлакатнинг илмий марказлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ташаббуси билан ташкил этилгани бу нуфузли тадбирнинг яна бир ўзига хос хусусиятидир.

Шанхай хамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг доимий вакили, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Бҳаргав Митра қуйидагиларга эътибор қаратди:

 конференциянинг илмий-таҳлилий марказлар, фуқаролик жамияти институтлари томонидан ташкил этилиши  ва ундаги мавзулар маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилиниши юртингизда фуқаролик жамияти институтларининг мақоми ва аҳамияти ошаётганлигидан далолат беради. Бу, ўз навбатида, давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши — эркин ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш;

 эркин ва адолатли сайловлар масаласига бағишланган анжуманнинг пойтахтда эмас, Гулистонда, яъни ҳудудда ўтказилиши ҳам муҳим аҳамиятга молик, деб ҳисоблайман;

 бўлажак сайлов партиялараро кучли рақобат, очиқлик, фикр эркинлиги ва чинакам танлов шароитида ўтишини тахмин қилса бўлади. Буларнинг барчаси янгиланаётган Ўзбекистоннинг ўзига хос ноёб ютуғидир.

Конференциянинг бошқа иштирокчилари ҳам Гулистон ҳужжатида акс этган ушбу фикрга қўшилишди.

 

Аниқ ва долзарб хулосалар

Биринчи хулоса. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора, умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида ўтказилган эркин ҳамда адолатли сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, шунингдек, қонун устуворлиги, замонавий демократик сайлов тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг уч босқичи мавжуд:

 алоҳида қонунлардан ягона сайлов кодексига ўтиш;

 таъсис этувчи ҳокимият — Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссияларининг мустақиллигини таъминлаш;

 сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти ва сайловолди тадбирларини ташкил этиш, шу жумладан, сайлов пайтида оммавий акциялар ўтказиш имкониятларини кенгайтириш.

Шунингдек, кўплаб иштирокчилар сайлов тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда сайлов қонунчилиги ҳали тугамаганлигини таъкидлади. Зеро, сайловлар сўнгги бекат эмас, балки муттасил ривожланиб борувчи жараёндир. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, деярли ҳар бир сайлов кампанияси доим янги муаммоларни юзага чиқаради.

Элчи Пьер фон Аркс, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти Карла Луиш ҳамда А. Громов Ўзбекистон билан ЕХҲТ/ДИИҲБ, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси ва Венеция комиссияси ўртасида сайловларни ўтказишда самарали ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидладилар.

Ўзбекистондаги сўнгги парламент сайловлари ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси кўмагида ишлаб чиқилган ҳамда 2019 йил июнь ойида парламент томонидан қабул қилинган янги Сайлов кодексига мувофиқ бўлиб ўтди.

ЕХҲТ вакиллари “Ўзбекистон парламенти мамлакатдаги сайлов жараёнларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилишни давом эттирмоқда. 2020 йилда ЕХҲТ халқаро экспертларни ёллаб, Ўзбекистонда халқаро мажбуриятларни, демократик сайловлар бўйича стандартларни (ДИИҲБ тавсияларини ҳам) амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди. Бундан ташқари, айтиш лозимки, ҳатто аҳамиятсиз бўлиб кўринган ҳар қандай ўзгаришларни сайлов қонунчилигига киритиш учун ҳар доим олдиндан пухта иш олиб борилади, ўтган сайлов кампаниялари таҳлили ҳамда унинг асосида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Биргаликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йилда Ўзбекистон Сайлов кодексининг 11 моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, ЕХҲТ Ягона электрон сайловчилар рўйхатини амалга оширишда муҳим роль ўйнаганлиги қайд этилди. Умуман олганда, Сайлов кодексига, мамлакатнинг бир қатор қонунларига, МСК нормалари ҳамда кўрсатмаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда ЕХҲТ/ДИИҲБ миссиясининг 2019 йилги парламент сайловларини кузатиш бўйича 21 та тавсиясини қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш ижобий баҳоланди.

Иккинчи хулоса. Ўзбекистон халқаро тузилмалар ва хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорликка очиқ, шунингдек, адолатли ҳамда демократик сайловларга тайёр.

Шундай қилиб, жорий йилнинг май ойида ЕХҲТ/ДИИҲБ экспертлари бўлажак сайловлар муносабати билан Ўзбекистонга ташриф буюришди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларга мувофиқ ва халқаро кузатувчилар иштирокида сайловларни ўтказишга тайёрлигидан далолат беради.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда ЕХҲТ/ДИИҲБ кузатувчиларини Ўзбекистондаги сайловларга жалб қилиш бўйича ижобий тажриба тўпланди. Хусусан, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг 2016 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари Президент сайловини кузатиш миссияси таркибига 32 мамлакатдан 193 нафар кузатувчи киритилган эди. 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари учун ЕХҲТ/ДИИҲБ биринчи марта тўлақонли миссияни юборди. Сайлов куни ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси билан биргаликда 37 давлатдан 316 кузатувчи киритилган халқаро миссия тузилди.

Уларнинг якуний ҳисоботида сайловлар такомиллаштирилган қонунчилик ва мустақил фикрларга нисбатан бағрикенгликнинг кучайиши руҳида бўлиб ўтди, деган хулосага келишди. Шу билан бирга, эксперт А. Громов ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсияларини амалга оширишда маҳаллий ҳамда маданий хусусиятларни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлади.

МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси котибияти раҳбари ўринбосари И. Мушкет 2021 йилда МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг халқаро кузатувчилари гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда биринчи маротаба иштирок этишини таъкидлади. Халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани ҳақида ҳам тўхталди. Шу билан бирга, у “халқаро кузатувни ташкил қилишда энг муҳим икки тамойил — миллий суверенитетни ҳурмат қилиш, миллий сайловларга ташқи аралашувга йўл қўймаслик ва холислик” эканлигини таъкидлади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлашича, ушбу тадбир Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловлар 2017 йилда бошланган ислоҳотлар доирасида халқаро тавсияларни ҳисобга олган ҳолда уюштирилади. Бу жараёнда ёрдам беришга тайёр эканлигини билдиради.

Шу жумладан, М. Димовска қуйидагиларни таъкидлади:

 кузатувчиларнинг тавсиялари сайловдан кейин ҳам давом этадиган сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга хизмат қилади;

 бутун дунё бўйлаб сайловларни ташкил қилишда қийинчиликлар туғилганда, давом этаётган пандемия шароитида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни уюштириш баъзи мамлакатларда бекор қилинди. Шу муносабат билан қўшимча эҳтиёт чораларини кўриш керак. Биз Марказий сайлов комиссиясининг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.

Учинчи хулоса. Ўзбекистондаги сайловлар сиёсий партияларнинг тобора ўсиб бораётган ижтимоий ва сиёсий фаоллиги, партиялар ўртасида соғлом рақобат, мамлакатда ҳақиқий кўп партиявийлик тизимини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш шароитида ўтказилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик назорати, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолашда талабчанлиги ошди.

Элчи Пьер фон Аркс Ўзбекистонда “сиёсий партиялар сайловларда фаол иштирок этаётгани ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни тобора ортиб бораётгани”ни айтди. М. Димовска ҳам шу фикр билан ўртоқлашди ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнида, айниқса, сайловлар тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини оширишдаги роли ортиб бораётганлигига урғу берди.

Ўз навбатида, мамлакат сиёсий партиялари вакиллари бугунги кунда электорат талабчанлигининг сифат жиҳатидан янги даражаси мавжудлигини, айниқса, аёллар ва ёшлар ижтимоий ҳаётда фаоллигини таъкидлади.

Тажриба шуни кўрсатадики, ҳар қандай сиёсий партия сайлов кампаниясига кириб, ўзининг дастурий ғоялари ва мақсадларини доимий равишда такомиллаштириб боради. Бугунги кунда партияларнинг аҳоли билан ишлашини, уларнинг ҳокимият вакиллик органларидаги фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, ғоявий ҳамда дастурий ҳужжатларини, тарғибот воситаларини такомиллаштириш зарур. Уларнинг пиар стратегиялари ва медиа режалари жамият ҳамда давлатнинг рақамли трансформациялашувини, шунингдек, ҳар бир тоифадаги сайловчиларнинг эҳтиёжларини, ҳар бир минтақа ва ҳар бир маҳалланинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.

Тўртинчи хулоса. 2021 — 2023 йилларда Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга тўла ҳуқуқли аъзолиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг қабул қилиниши янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши эканлигидан далолат беради.

Яқинда мамлакатда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинди, шунингдек, ногиронлиги бор кишилар сайлов жараёнларида фаол иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирнинг халқаро қатнашчилари БМТ доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги йигирмадан ортиқ глобал, минтақавий ва миллий ташаббуслар халқаро тузилмалар ҳамда хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, Карла Луиш: “Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги уч босқичда ривожлангани, Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларини тайёрлашда ЕХҲТ/ДИИҲБ миссиясининг тавсиялари ҳам эътиборга олингани таҳсинга сазовор. Шу билан бирга, нафақат сайлов қонунчилиги, балки сайловларни ташкиллаштириш билан боғлиқ уч босқичда — сайловгача, сайлов давридаги ҳамда сайловдан кейин ҳам юксак демократик мезонларга мосликни намоён этиш назарда тутилади. Бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан ҳар икки томон — ЕХҲТ/ДИИҲБ ва Ўзбекистон манфаатдордир”, дея таъкидлади.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда ушбу соҳада кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолади.

Бешинчи хулоса. Аҳолининг сайлов маданиятини ошириш бўйича сайловларнинг ошкоралиги ва одиллиги кафолати бўйича Ўзбекистон тажрибасини янада кенгроқ тарқатиш зарур.

Конференция қатнашчиларининг фикрига кўра, сайловчилар сайлов маданияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг сайлов институтига бўлган ишончини кучайтириш, жамиятда давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг ягона замонавий ҳамда демократик механизми эканлигига, янги конституциявий тамойилларни ҳаётга татбиқ этишга бўлган ишончни кучайтириш жуда муҳим.

Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган аҳолининг сайлов маданиятини ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастурида қуйидагилар кўзда тутилган:

 ташкилотчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, шунингдек, сайловчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига ҳуқуқий таълим тизимини оммавий ҳамда кенг қамровли қилиш, мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш мақсадга мувофиқ;

 сайлов жараёнининг турли тоифадаги қатнашчилари, айниқса, ёшларнинг умумий ҳуқуқий ва сайлов маданиятини ошириш;

 оммавий ахборот воситалари билан ишлашни такомиллаштириш, уларнинг сайлов жараёни ҳақидаги билимларини кенгайтириш, уларни сайловларнинг барча босқичида ишончли маълумотларни тарқатишга жалб қилиш, шунингдек, жамиятда медиа маданиятини ошириш;

 фуқаролик жамияти институтлари сайлов жараёнининг демократияси, қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлашда, шунингдек, сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, сайловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари фаолиятида иштирок этиш;

 янги ахборот-коммуникация технологиялари асосида ҳуқуқий ахборот таълим ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш фуқароларнинг, шу жумладан, ногиронлиги борларнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода қилишга ёрдам беради.

Олтинчи хулоса. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, кўнгиллиларнинг сайловларда иштирок этишдаги роли ва имкониятлари динамик равишда кучайиши ҳамда кенгайиши, сиёсий, жамоатчилик назорати, одамларнинг фуқаролик масъулияти, фуқароларнинг талабчанлиги ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолашда сезиларли даражада ошди.

БМТ Тараққиёт дастури мутахассиси Г. Бараташвили “кўплаб халқаро ҳужжатлар фуқаролик жамияти институтларининг сайлов жараёнида қатнашишини рағбатлантиради. Бунинг учун 2019 йилги Ўзбекистон Сайлов кодекси шароит яратиб беради. Шу билан бирга, сайлов жараёнининг барча манфаатдор томонлари билан инклюзив мулоқотни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга”, деб айтиб ўтди.

БМТ Тараққиёт дастури мутахассиси Н. Добрецованинг сўзларига кўра, фуқаролик жамияти институтлари сайлов жараёнини такомиллаштиришда улкан роль ўйнайди. Уларнинг сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда, рақамлаштириш шароитида жамиятда сайлов маданиятини юксалтиришда ва гендер сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиши алоҳида аҳамиятга эга.

И. Мушкет томонидан ўта долзарб масала кўтарилди: “Рақамли технологияларни кенг жорий этиш ахборот тарқатилишини тезлаштиришга ёрдам беради, хабарлар такрорланади ва ижтимоий тармоқларда, мессенжерларда тарқатилади. Бу ёлғон маълумот, “фейк”, зўравонликка чақириқ ҳамда бошқа ноқонуний таркибни тарқатиш учун қулай шароит яратади. Шу билан бирга, рақамли муҳитни тартибга солишнинг ривожланган воситаси ва рақамли платформалар эгалари — трансмиллий корпорациялар миллий қонунчилик томонидан назорат қилинмаслиги сайлов жараёнига ноқонуний аралашиш хавфини келтириб чиқармоқда”.

Ушбу муаммо ҳам қонунчилик даражасида, шу жумладан, аҳолининг медиа саводхонлигини ошириш соҳасида амалий ечимини кутмоқда.

Гулистон ҳужжатида конференция иштирокчилари Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиётини ривожлантиришга оид бошқа қатор хулосаларни ҳам баён қилди.

 

Тадбирнинг муҳим тавсиялари

Биринчи тавсия. Ўзбекистонда ёш депутатларнинг улуши дунёдаги ўртача кўрсаткичдан салкам 3 баробар кўплигини инобатга олиб, бу борадаги Ўзбекистон тажрибасини кенг тарғиб этиш. Шунингдек, Парламентлараро Иттифоқнинг “Биз — парламентда ёшлар тарафдоримиз” ташаббусини амалга ошириш ва ёшлар парламентлари фаолиятини янада кучайтириш;

Иккинчи тавсия. Ўзбекистонда аёлларга барқарор ривожланиш, тинчлик ва демократияга эришиш учун муҳим бўлган барча даражадаги қарорларни қабул қилиш жараёнларида фаол қатнашиши учун эркаклар билан тенг шароитлар яратилганлигини ҳисобга олиб, қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш таклиф этилади:

 аёлларнинг сиёсий тадбирлар ва сайловларда иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш сиёсатини кучайтириш;

 хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги аҳамияти ва уларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштироки тўғрисида хабардор қилишга қаратилган дастурларни кенгайтириш ҳамда қўллаб-қувватлаш.

Учинчи тавсия. Мамлакат сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш нуқтаи назаридан қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш таклиф этилади:

 сиёсий партияларга реклама тарқатишда тегишли хизматлардан тенг равишда фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида сиёсий реклама тўғрисидаги қонунни қабул қилиш, сиёсий партияларнинг сайловолди фаолиятини ёритишда тенглик кафолатларини ўрнатишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида тегишли қоидаларни Сайлов кодексига киритиш;

 сайлов ташкилотчилари учун “Ахлоқ кодекси”ни, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар ва маҳаллий кузатувчилар учун ахлоқ кодексларини ишлаб чиқиш;

 мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида Ўзбекистон академик ҳамжамиятининг халқаро тузилмалар, шу жумладан, ЕХҲТ/ДИИҲБ экспертлари билан ўзаро алоқаларини кучайтириш.

Тўртинчи тавсия. Сайлов жараёнини кузатишда қуйидагилар таклиф этилади:

 мустақил тадқиқот марказлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан қонунчиликни қўллаш амалиёти умумлаштирилиши, сайловчилар ҳуқуқий маданияти ҳолати ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар таҳлилини ўз ичига олган йиллик ҳисоботини амалиётга жорий қилиш;

 амалдаги қонунчилик доирасида фуқаролик институтларини сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга йўналтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда сайлов жараёнининг жамоатчилик мониторингини ўтказиш.

Бешинчи тавсия. Давлат ва жамиятнинг рақамли ўзгариши шароитида сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳамда уларни ҳуқуқий тартибга солишни янада кенгайтириш зарурати туғилмоқда.

Умуман, конференцияда Ўзбекистонда сайловларни ташкиллаштириш ва ўтказишда ҳақиқий демократия, адолат, очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлаш учун яратилган эркин ва адолатли сайловлар учун қулай сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда гуманитар макон шаклланди, деган хулосага келинди.

Сўнгги йилларда сайлов меъёрларини, жамият ва давлат ҳаётини тизимли ҳамда изчил демократлаштириш ва либераллаштириш натижасида фуқароларнинг жамият ҳамда давлат бошқарувида иштирок этиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш учун барча зарур шароит яратилди. Ўзбекистондаги сайловлар давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг самарали механизмига айланиб, унинг давомийлиги ва сиёсий барқарорлигини таъминлайди.

Конференция иштирокчилари халқаро шерикларни фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлаш соҳасидаги миллий сиёсат, дастур ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва илғор тажриба алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирди.

 

Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech