Виждон эркинлиги масалаларига бағишланган матбуот анжумани

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида 10 июль куни "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти" мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев иштирок этди.

Тадбирда янги таҳрирдаги Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлаши, шунингдек ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлаши қайд этилди. Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилган.

Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида сўз борганда, диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш лозим.

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга биноан:

  • диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди;
  • рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди;
  • диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди;
  • шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар назарда тутилди.

Яна бир муҳим жиҳат: диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди.

Бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида нотинч вазият ҳукм сураётгани туфайли диний омилдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кучайиб бораётганини кузатиш мумкин. Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон ҳудудида бузғунчи ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун диний мазмундаги босма, аудио ва видео маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш долзарб бўлиб қолмоқда.

Қонунда жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.

Қонун атамаларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли тушунмовчиликлар, масалага нохолис ёндашув ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Шу каби омиллардан келиб чиқиб, Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат 16 хил конфессияга амал қилади. Қонун билан белгилаб қўйилган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар ана шу конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.

Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани мустаҳкамланган.

Қонун турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатимиз фуқаролари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш, уларнинг диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган айни мавзудаги барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech