Жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Демократик ва адолатли сайловлар – бу демократиянинг ўта муҳим ва зарур шартларидан ҳисобланади.
2019 йилда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар – янги парламент” деган устувор ғоя асосида бўлиб ўтган сайловлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келганини яққол кўрсатди.
Илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида амалга оширилган сайловлар даврида орттирилган тажриба, сайлов қонунчилиги ва амалиётимизда юзага келган айрим бўшлиқлар ва ечимини кутаётган вазифаларни ҳам кўрсатиб қўйди.
Бу йилги сайлов жараёнида, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, "Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз".
Шу мақсадда мамлакатимизда бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сайлов қонунчилиги бўйича депутатлар ташаббуси
Авваламбор, 5 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Сенаторлар томонидан Марказий сайлов комиссиясининг бир гуруҳ янги аъзолари сайланди ва айрим аъзоларнинг ваколатлари тугатилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини қуйи палата муҳокамасига киритди.
Қонун лойиҳаси 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси уч манба: миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига; 20 дан ортиқ хорижий давлатлар сайловлар ўтказиш тажрибасига; сайловларга оид халқаро нормалар ва стандартларга таяниб ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис палаталари, Марказий сайлов комиссияси, сенатор ва депутатлар, олимлар ва экспертлар иштирокида 2 маротаба муҳокама қилинди. Қолаверса, 2020 йилнинг май-июнь ойларида қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Шу тариқа “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун 5 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган бўлса, 8 февраль куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланди ҳамда матбуотда чоп этилди.
Сайлов қонунчилиги ва жаҳон ҳамжамияти
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди. Унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил фикр юритишдан олдин мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки “Жаҳон мамлакатлари демократия индекси”да Ўзбекистон бугунги кунда 155-ўринни эгалламоқда. Бунда Президентимизнинг 2020 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Фармонига биноан, “Сайлов жараёни ва плюрализм” йўналиши бўйича мамлакатимиз кўрсаткичларини 2022 йилга қадар 6 бараварга ошириш мақсади қўйилган.
2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати туғилди.
Сайлов кодекси ва халқаро стандартлар
Янги Қонун сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у билан:
- Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига;
- “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий қонунига;
- Сайлов кодексига;
- “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Биринчидан, миллий экспертлар таклифлари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилди. Уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланди.
Нега деганда, таҳлиллар ҳар бир округ ўртача 1-3 та сайлов участкаси доираси билан чеклангани ва бир неча йиллардан бери самарасиз фаолият юритиб келганини кўрсатди. Амалиётда тегишли туман (шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари вазифаларининг бир-бирини такрорлаши ҳоллари ҳам кузатилган.
Шунингдек, бу Давлат бюджетига қўшимча харажатни кўпайтирмоқда. Янги Қонун талаблари асосида мақбуллаштириш натижасида 54 мингдан зиёд аъзодан иборат 5 минг 739 та округ сайлов комиссияси тугатилгач, бир томондан, инсон ресурслари тежалади, иккинчи томондан, сайловга жалб этилган инсонлар орасида оворагарчиликка чек қўйилади.
Иккинчидан, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Шу ўринда 2019 йилги парламент сайловларида мазкур амалиёт илк бор тажрибадан ўтказилганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Ўшанда Россия, Жанубий Корея ва Қозоғистонда бўлиб турган 90 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари кўчма қутиларда овоз берган.
Зеро, янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши айнан фуқароларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар, давлат ҳимоясида бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳисобланади.
Учинчидан, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланди.
Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:
- Сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди;
- Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланди;
- Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди;
- Сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.
Сайлов куни ва жаҳон тажрибаси
Шу вақтга қадар мамлакатимизда Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиб келинаётганди.
Янги Қонун асосида Конституция ва Конституциявий қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда Президент сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.
Мамлакатимизда сайловларнинг муддатини декабрь ойидан октябрь ойига кўчиришни қуйидаги муҳим омиллар тақозо этди.
Биринчи омил: парламент сайловлари бўлиб ўтганидан кейин қонунчиликда белгиланган муддатларда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларини ўтказиш, уларнинг қўшма мажлисларида Бош вазир номзодини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси – Ҳукуматни шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўтказиш каби муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар янги йилнинг биринчи чорагига тўғри келади. Бу эса Давлат дастурларини қабул қилиш ва тегишли йилга мўлжалланган бошқа ислоҳотларнинг март-апрель ойларига қадар сурилишига сабаб бўлаётганди.
Масалан, 2019 йилги парламент сайловларидан кейинги сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар жуда қисқа муддатда, яъни 2020 йилнинг 20-24 январь кунлари оралиғида бўлиб ўтди. 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастури эса 2 март куни қабул қилинди.
Иккинчи омил: сайловлар қаҳратон совуқ давр – қиш мавсумига тўғри келиши, ўз навбатида, фуқароларнинг сайловлардаги фаоллигини янада ошириш, сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш, замонавий сайлов технологияларидан фойдаланиш, айниқса, оммавий тадбирларни ташкиллаштиришда бир қатор камчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ўтган сайловлар даврида аҳоли ва электорат, сиёсий партиялар томонидан бу борада қатор таклифлар билдирилди.
Учинчи омил: хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий яримшар давлатларида, масалан, Гана, Миср, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси, Жазоир, Венесуэла, Доминика каби мамлакатларда сайловлар декабрь ойида ўтказилади. АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Иордания, Молдова ва бир қатор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.
Тўртинчи омил: Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловлар Европа ва Америка давлатларидан таклиф этилган кузатувчиларнинг диний байрами, хусусан, “Рождество” нишонланадиган 25 декабрь санасига тўғри келиши туфайли сайлов соҳасида жаҳон миқёсида обрўга эга халқаро кузатувчиларнинг иштирокини чекламоқда.
Ана шу омилларни инобатга олиб, янги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар декабрь ойидан – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириладиган бўлди.
Бунинг натижасида, бир томондан, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади. Иккинчи томондан ноқулай об-ҳаво шароитларида фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади. Шу тариқа сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши туфайли умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллашди. Бу, биринчидан, сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига эришиш имконини оширади.
Иккинчидан, янгиланган сайлов қонунчилигини изчил амалга ошириш йўлида сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, “демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2021 йил 12 февраль)
- Қўшилди: 12.02.2021
- Кўришлар: 5227
- Чоп этиш