ЮРТИМИЗНИ ЭТАЙЛИК ОБОД

2021 йилнинг 21 август куни мамлакатимиз миқёсида умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, юртимиз ободлиги ва кўркамлигига муносиб ҳисса қўшишди.

“Озода жойда файзу барака ва сиҳат-саломатлик бўлади”, деган ҳикматли нақлга риоя этган меҳнатсевар ҳамкасбларимиз кўчаларни супуриб, дарахтларни оқлашди. Дарахтлар тагини юмшатиб, боғдорчилик ишлари билан ҳам шуғулланишди.

“Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги доирасида ўтказилган ушбу кенг кўламли умумхалқ хайрия ҳашарини Марказ ходимлари аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда ўтказишди.

Бу каби тадбирлар шаҳару қишлоқларимизни янада кўркамлаштириш, атроф-муҳит озодалигини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби мақсадларда ватандошларимизни ҳамжиҳатликка чорлаши билан ҳам аҳамиятли. Зеро, юртимизни обод этишга ҳар биримиз масъулмиз.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали масъул котиби

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech