22 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова Малайзия Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг (SUHAKAM) Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Нур Азиа Мохд Авал билан мазкур хорижий ташкилот илтимосига биноан учрашди.
Учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди. Томонлар бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқларни ҳам муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда куни кеча бўлиб ўтган сайлов демократия ва муқобиллик асосида, қонуний ва адолатли, очиқ ва ошкора руҳда ташкил этилиши йўлида улкан амалий ишлар қилинганини эътироф этди. Натижада фуқароларнинг сайлов борасидаги конституциявий ҳуқуқлари тўла таъминланганига юқори баҳо берди.
Нур Азиа Мохд Авал келгусида бола ҳуқуқларини таъминлаш ва узлуксиз инклюзив таълимдан фойдаланиш соҳаларидаги амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Шунингдек, қўшма онлайн-тадбирлар, икки томонлама илғор тажриба алмашувларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ташаббусларни амалга ошириш борасида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўзаро фикрлашиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.10.2021
- Кўришлар: 3473
- Чоп этиш