10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни

1950 йилдан бошлаб ҳар  йили  10 декабрь бутун дунёда “Халқаро инсон ҳуқуқлари куни” сифатида нишонланади. Сабаби 1948 йил айни шу санада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси  қабул қилинган.

Орадан 73 йил ўтганига қарамай, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бугунги кунда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва кафолатловчи дунёдаги энг асосий ва универсал ҳужжат ҳисобланади. Унда ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқароликка эга бўлиш, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила қуриш, меҳнат қилиш ва дам олиш, мулкка эгалик қилиш, таълим олиш, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш каби асосий ҳуқуқлари кафолатланган.

Декларация дунёнинг 500 дан ортиқ тилига таржима қилингани ҳам унинг муҳим аҳамиятга эгалигидан далолат беради.

Халқаро инсон ҳуқуқлари куни мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Айниқса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази учун бу сана алоҳида  аҳамиятга эга. 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 10 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳаси фаолларини рағбатлантириш мақсадида жорий этилган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилмоқда.

Айниқса, жорий йилда Халқаро инсон ҳуқуқлари кунини ўзгача интиқлик билан кутмоқдамиз. Биринчидан, 2021 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси  қабул қилинганининг 73 йиллиги нишонланса, иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганининг 25 йиллиги байрам қилинади.

Шу муносабат билан Миллий марказ жорий йилнинг 10 ноябридан 10 декабрига қадар “Инсон ҳуқуқлари ойлиги”ни эълон қилди ва белгиланган дастур асосида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

“Инсон ҳуқуқлари ойлиги” доирасида ташкил этилаётган анжуманлар, давра суҳбатлари ва конференциялар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминлашда, соҳага оид истиқболли режаларни муҳокама қилишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ҳамидулло МЎМИНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали таҳририяти бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech