2021 йилги Давлат дастури: мазмун-моҳияти, амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижалар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Бош прокуратура Академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Судьялар олий мактаби, Юристлар малакасини ошириш маркази, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг илмий ходимлари, Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ҳамда Ёш қонуншунослар клуби билан Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов тадбирда сўзга чиқиб, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ўз мазмун-моҳиятига кўра мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тадрижийлигини таъминлашда Бош дастур бўлишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Давлат дастуридан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш, бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида натижа кўрсатиши зарур ва шарт”. Жонли мулоқот асносида 2021 йилги Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, уни амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижалар Президентимизнинг шу қатъий талаби негизида атрофлича таҳлил ва талқин қилинди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг тузилиши, унда ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва парламентнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш мақсадида белгиланган муҳим вазифаларни амалга ошириш механизми ҳамда улардан кутилаётган натижалар ҳақида маъруза қилди, дейилади lpri.uz сайти хабарида.

Бунда, хусусан, Давлат дастурининг ижросини таъминлашда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари илмий ходимлари, профессор-ўқитувчиларининг роли ҳақида маълумотлар берилди. Давлат дастурида назарда тутилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, муҳокама қилиш ва қабул қилишдан бошлаб, уларнинг ижросини, ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтиришгача бўлган жараёнда олимлар, шу жумладан ҳуқуқшунос олимлар фаол иштирок этишлари зарур эканлиги алоҳида қайд этилди.

Давра суҳбати давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Давлат дастури билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга депутатлар ва мутасадди ташкилотларнинг вакилларидан асослантирилган жавоблар олдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech