Cўз – “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун”
кўкрак нишони совриндорига
Жорий йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўзининг резолюцияси билан илк бора инсоннинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини эътироф этди. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари Мишель Бачелет сессия бошида глобал кўламдаги 3 та хавфни санаб ўтди. Булар иқлим ўзгариши, ифлосланган атроф-муҳит ва табиатнинг бузилишидир. Мишель Бачелет фикрига кўра, санаб ўтилган хавфлар инсон ҳуқуқлари соҳасида энг жиддий муаммолардандир.
Ўзбекистонда ҳозирги кунда глобал деб саналган барча экологик муаммолар мавжуд. Уларни бартараф этишда мамлакатимиз экологик сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – атроф-муҳит муҳофазаси мисолида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, саломатлигини асраш, келажак авлодга экологик хавфлардан ҳоли тоза табиий муҳитни қолдиришдан иборат.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 30 октябрда “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унда қатор экологик муаммоларнинг ечимини топиш орқали мамлакатимизни айнан экологик жиҳатдан хавфсиз ҳудудга айлантириш, аҳолининг экологик онгини шакллантириш ва экологик маданиятини ошириш кўзда тутилган.
Мен экожурналист сифатида 2004 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Ҳозирги пайтда раҳбарлигимдаги ekolog.uz сайти ва https://t.me/ekologuz телеграм канали орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан кунига келиб тушаётган экологик муаммолар ҳақидаги 15-20 тагача мурожаатни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Экологик партияси билан ҳамкорликда ўрганиб, уларни бартараф этишга ҳиссамизни қўшиб келмоқдамиз.
Бундан ташқари, ўзим таълим бераётган Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Медиа ва коммуникация факультети, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникация университети Интернет журналистикаси факультети ўқув дастурларига “Экожурналистика” фанини киритдик. Журналистларни қайта тайёрлаш марказининг медиатренери сифатида БМТТД, Канада фуқаролик ташаббуслари маркази, Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази, ЮСАИД халқаро ташкилотлари ҳамкорлигида Ўзбекистон журналист ва блогерлари учун экологик муаммоларни ёритиш бўйича семинар-тренерлар ўтказиб келаяпмиз.
Бугун менинг мамлакатимиз табиатини муҳофаза қилиш, юртдошларимизни айнан мавжуд экологик хавфлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиш, ёшларнинг экологик онгини шакллантиришга қўшаётган кичик ҳиссамни эътироф этган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонига муносиб кўрилганим учун миннатдорчилик билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, Халқаро инсон ҳуқуқлари куни, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллиги, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан барча юртдошларимизни табриклайман. Марказ фаолиятига республикамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларига омад тилаб қоламан.
Наргис ҚОСИМОВА,
Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети
Медиа ва коммуникация факультетининг доценти,
филология фанлари номзходи, ekolog.uz сайти бош муҳаррири
- Қўшилди: 11.12.2021
- Кўришлар: 3696
- Чоп этиш