25 август куни – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида Қашқадарё вилояти Касби туманида “Иcтеъмолчилар уйи” маъмурий комплекси очилди. Коронавирус шароитини ҳисобга олиб офлайн ва онлай тарзда ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бундан беш йил олдин қабул қилинган ва изчил амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш йўналиши доирасида мамлакатимиз миқёсида “давлат + фуқаролик институтлари + тадбиркорлик субъектлари” тамойили асосида ижтимоий аҳамиятга эга бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Бу борада, хусусан, “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳалари алоҳида аҳамият касб этади. Ўтган даврда Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Фарғона, Марғилон, Қўштепа, Қизилтепа, Томди, Олот, Косон, Деҳқонобод, Узун, Бойсун, Тўрақўрғон, Избоскан туманлари ҳамда Шарғун шаҳарчасида истеъмолчи кутубхонаси ва истеъмолчилар уйи фойдаланишга топширилгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Бугунги кунда мазкур лойиҳалар доирасида 71 та туман ва шаҳарда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ҳам "Истеъмолчилар уйи” маъмурий биноси фойдаланишга топширилди. Мажмуада жойлашган “Истеъмолчи қабулхонаси”да истеъмолчиларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилинади.
Туманнинг замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплексидан ўрин олган “Истеъмолчи кутубхонаси” фондида мингдан ортиқ китоб ва турли адабиётлар бор. Бу ерда замонавий “Bооk cаfе” ва бепул “Wi-fi” тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “e-Reader” электрон ўқув қурилмаси ўрнатилган.
Бундай янги маърифат масканлари аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, навқирон авлод вакилларини касб-ҳунарга ўргатиш, фарзандларимизнинг ноёб салоҳияти ва истеъдодини кашф этиш учун беқиёс имкониятлар бешиги бўлиб хизмат қилади.
“Истеъмолчи кутубхонаси”га Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 300 та китоб совға қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.08.2021
- Кўришлар: 3526
- Чоп этиш