Австралия 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда саҳифа очишни тақиқламоқчи
Австралия ҳукумати жорий йил 10 декабрдан бошлаб 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда саҳифа очишни тақиқлайди. Янги қоидага биноан,ўлкадаги ITкомпаниялар “Facebook”, “Instagram”, “TikTok”, “YouTube”, “Snapchat”, “X”, “Reddit”, “Twitch” ва бошқа платформаларда вояга етмаганларнинг аккаунтларини аниқлаб, ўчириши шарт бўлади.
Ушбу тақиқ дунёда биринчи бўлиб жорий этилмоқда ва асосий мақсад – болаларни зарарли контент, зўравонлик видеолари, радикаллик, жинсий эксплуатация ва кибер ҳужумлардан ҳимояқилиш.
Ҳукумат топшириғига кўра, платформалар “оқилона чоралар”ни кўриб, ёшни аниқлаш технологияларидан фойдаланиши шарт, лекин қайси усуллар мажбурий экани аниқ белгиланмаган. Эҳтимолий вариантлар орасида ҳукумат ID ларни юклаш, юз ва овозни аниқлаш, шунингдек, онлайн фаоллик асосида ёшни тахмин қилиш каби техникалар бор.
Бунда болалар ёки ота-оналар жазоланмайди, жавобгарлик компанияларга юкланади. Қоидаларни бузган платформалар 49,5 миллион долларгача жаримага тортилиши мумкин. “Meta” Австралияда 4 декабрдан бошлаб ўсмирларнинг аккаунтлари ёпилишини эълон қилган.

Экспертлар бу тизим қандай ишлашига нисбатан тушунарсиз жиҳатлар борлигини таъкидламоқда. Тадқиқотлар юз аниқлаш алгоритмлари айнан 13–15 ёшлар оралиғида энг кўп хато қилишини кўрсатган. Шунингдек, белгиланган жарима миқдори гигант платформалар учун заррача оғирлик қилмаслиги қайд этилган.
Тақиқнинг самарадорлигига оид шубҳалар ҳам бор, чунки онлайн ўйин платформалари ёки AI-чатботларга тақиқ қўйилмаган, ўсмирлар эса барибир зарарли контентга бошқа каналлар орқали кириши мумкин. Таҳлилчилар болаларни ижтимоий тармоқдан бутунлай узиш уларни ижтимоий ҳаётдан четлаштириши мумкинлигини айтмоқда.
Яна бир муҳим масала — ёшни текшириш учун тўпланган шахсий маълумотлар хавфсизлиги. Австралияда сўнгги йилларда бир нечта йирик маълумотлар базаси бузилиши ҳолатлари рўй берган. Ҳукумат буни инобатга олиб, платформаларга шахсий маълумотлардан фақат ёшни тасдиқлаш учун фойдаланиш ва уларни зудлик билан ўчиришни талаб қилмоқда.
Айрим манбаларда ўлка ёшлари тақиқ бошланишидан олдин сохта ёш билан янги аккаунтлар очаётгани, альтернатив иловалар ёки VPN ёрдамида чекловларни айланиб ўтишга уринaётгани айтилмоқда. Ҳукумат эса платформалардан айнан шундай ҳолатларни аниқлаб, блоклашни талаб қилади.
Австралия қарори дунёда биринчи бўлгани учун бошқа давлатлар ҳам бунга диққат билан қараяпти. Европада айрим мамлакатлар ота-она розилигини талаб қилади, Дания ва Норвегия эса Австралия йўлидан боришни кўриб чиқмоқда. АҚШнинг Юта штатидаги шунга ўхшаш тақиқ эса суд томонидан тўхтатилганди.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский