Аёллар колониясида мониторинг ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқлари бўйича масъул идоралар томонидан жамоатчилик вакиллари билан биргаликда мунтазам равишда жазони ўташ муассасаларида “мониторинг ташрифлари” ўтказилмоқда.

Шундай ташрифларнинг бири жорий йил 14 апрель куни Тошкент вилоятида жойлашган 21-сонли аёллар учун мўлжалланган колонияда ўтказилди.

Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида амалга оширилди.

Ушбу муассаса 1600  ўринга эга бўлиб, ҳозирда 500 нафардан ортиқ маҳкума  сақланмоқда. Уларнинг 3 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади.

Эксперт гуруҳи аъзолари томонидан танишув жараёнида маҳкума аёллар яшашлари учун мўлжалланган ётоқхонада яратилган шарт-шароитлар талаб даражасида эканлиги аниқланди. Учрашув чоғида маҳкумалар муассаса шароити ёки ходимлар муомаласидан шикоятлари йўқлигини билдиришди.

Муассасада ташкил этилган иш жойларида меҳнат қилаётган маҳкумаларга бажарилган иш ҳажмига қараб 400 минг сўмдан – 700 минг сўмгача иш ҳақи тўланаётгани маълум бўлди. Аниқланишича, ишга яроқли маҳкумаларнинг 60 фоизи 4 та ишлаб чиқариш цехида меҳнат қилмоқда.

Касб-ҳунарга ўргатилаётган маҳкумаларга серитификатлар берилиши йўлга қўйилган. Тикувчилик цехида 55 ёшдан катта ва болали маҳкумалар ишга жалб қилинмаган.

Мониторинг ташрифи чоғида гуруҳ аъзолари муассасада ташкил этилган 2 та болалар уйи ва уларда тарбия олаётган маҳкумаларнинг фарзандларига яратилган шарт-шароит билан ҳам танишдилар. Маълум бўлишича, у ерда 21 нафар маҳкума-она 3 ёшгача бўлган фарзандлари билан 24 соат давомида бирга бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Муассасада сақланаётган она-болалар тарбияси ва саломатлиги учун 20 нафар тарбиячи ва ҳамширалар бириктирилган.

Муассасада маҳкумаларнинг яқин қариндошлари билан учрашувлари учун қисқа ва узоқ муддат учрашув хоналарида шарт-шароитлари етарли даражада ташкил қилинган.

Соғлиғида муаммоси бўлган ва даволанишга муҳтож маҳкумаларга тиббий ёрдам кўрсатилиши ва муолажалар қилиниши учун алоҳида бинолар, ҳар бир соҳага оид мутахассис учун хоналар ҳамда ускуналар, махсус лаборатория хоналари ишлаб турибди.

Тадбир иштирокчилари янги қурилаётган тикувчилик цехи биноси билан танишар экан, бу ерда яратилаётган шарт-шароитлар белгиланган стандартларга, санитария-гигиена ва ёнғинга қарши қоидаларига мослигига алоҳида эътибор қаратишди.

Мониторинг ташрифи доирасида ошхонада маҳкумаларга овқат тайёрлаш жараёни ҳамда озиқ-овқат таъминоти сифат ва меъёрларига амал қилиниши аҳволи ҳам кўздан кечирилди.

Тадбир давомида айрим маҳкумалар билан суҳбатлар ўтказилиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech