2021 йил 3 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг БМТнинг терроризмга қарши курашишда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Ф. Ни Аолайн билан учрашуви бўлиб ўтди.
Фионулла Ни Аолайн мамлакатимизда, хусусан, халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
“Меҳр” операциялари доирасида Яқин Шарқдаги низоли зоналардан Ўзбекистон фуқароларини қайтариш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жумладан, қийноқнинг олдини олиш, виждон эркинлиги ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини амалга ошириш бўйича мамлакатда амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва БМТ ҳамда унинг ихтисослаштирилган тузилмалари ўртасида инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентнинг муҳим ролини қайд этдилар.
БМТнинг махсус маърузачиси учрашув ва музокаралар якунлари бўйича БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига тақдим этиш учун Ўзбекистонда терроризмга қарши курашишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масалалари тўғрисида маъруза тайёрлашини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
- Қўшилди: 04.12.2021
- Кўришлар: 3371
- Чоп этиш