Брайл алифбосидаги янги нашрлар кўзи ожиз юртдошларимизга қўл келмоқда

Ушбу фикрлар Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Марказий бошқаруви раиси К.Абдуллаев номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига келган мактубда баён этилган. Шунингдек, хатда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Брайл алифбосида чоп этилган янги нашрлари Ўзбекистон Ногиронлар жамияти кутубхонасига беғараз асосда тақдим этилгани учун миннатдорчилик билдирилган.

Маълумот учун: мазкур нашрлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмаги билан чоп этилган.

Ушбу китобларнинг яқинда ташкил этилган тақдимотида парламент аъзолари, ногиронлиги бўлган шахслар муаммолари билан шуғулланадиган ташкилотлар, давлат органлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари иштирок этганди.

Тақдимотда таъкидланганидек, янги нашрлар мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга оширишга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech