Буюкларга эҳтиром

Дунё халқларининг ўзи суйган шоирлари кўп. Улар ўн ёки йигирма нафар бўлиши ҳам мумкин. Лекин, ҳар бир халқнинг давлат мадҳияси матнини яратиш фақат бир нафар эл ардоқлаган қалам соҳибига насиб этади. Президент Шавкат Мирзиёев ардоқлаган, бутун миллатимиз суйиб эркалаган таниқли шоир Абдулла Ориповга ана шундай шарафли, ўз навбатида ўта масъулиятли фарзандлик бурчини адо этишга муяссар бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг бетакрор шоиримиз Абдулла Ориповнинг 80 йиллик юбилейини кенг нишонлашга оид қарори бутун ижодкорларнинг кўнглидаги гап бўлди. Улуғ шоиримизга кўрсатилган юксак инсонийлик намунаси бўлди бу! Раҳмат, ҳурматли Президент! Инсон, унинг қадр-қимматини эъзозлашда барчамизгаҳамиша ибратсиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши қарорига кўра, қуйи палата Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раҳбарлигида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигини юксак савияда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Шу ишчи гуруҳ ташаббуси билан 15 март куни Г.В.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университети Тошкент филиалида атоқли шоиримиз Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси ва адабий анжуман ўтказилди.

Учрашувлар мароқли ва қизиқарли ўтди. Даврада севимли шоиримиз шеърлари жаранглади. Сўз олганлар Абдулла Орипов ҳақидаги унутилмас воқеалар, унинг идеал ижодидан, камтарин фазилатларидан сўзладилар.

Академик Акмал Саидов айтганидек, шоиримиз шеърларини ҳеч ким муаллифнинг ўзи каби маромида ўқий олмайди. Тадбирда Устоз овози билан ўзи айтган ижод намуналари жаранглади ва ҳамма ўзгача завқ билан бу шеърларни тинглади. 

Абдулла Орипов баҳорни севарди. У 1941 йил 21 март куни туғилган. Шу кунлар рутубат кезиб юрибди. Улуғ шоиримиз таваллуд кунида баҳор насимлари бизни яна сийлайди, бобо қуёш заррин нурлари билан бутун борлиқни зийнатлайди. Суюкли шоиримизнинг ўз халқига меҳри бу нурлар билан уйғун ҳолда бизга кўклам эзгуликларини ҳадя қилишда давом этади!

Наврўз Ризаев,
Қонунчилик палатаси депутати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech