Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш истиқболлари

Ўзбекистон Миллий университетида 29 июнь куни “Ўзбекистон Республикасида Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилган тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари ҳамда котибият мудирлари, шунингдек миллатлараро муносабатлар бўйича экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилган Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастурига доир давра суҳбатидан мақсад – ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва уларга боғлиқ тоқатсизлик билан курашиш бўйича аниқ чора-тадбирларга бағишланган ушбу халқаро ҳужжатлар тавсияларини мамлакатимизда амалга ошириш ҳамда миллатлараро муносабатлар масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Миллий университети проректори, “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти ижрочи директори         Р.Ширинова кириш сўзи билан очди. Жумладан, у Университет ҳузурида Миллаталараро тотувлик ва бағрикенглик илмий маркази фаолият олиб бораётганини таъкидлади.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари В.Тян ушбу давра суҳбати халқлар ўртасида дўстлик, толерантлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга ҳам хизмат қилиб, халқ дипломатиясининг ривожида муҳим аҳамият касб этиши, қолаверса, Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастури халқаро ҳамжамиятни миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда ирқчиликка қарши курашишга чақирадиган муҳим ҳужжатлардан бири экани қайд этди. Ушбу Декларация қоидаларини жамиятга татбиқ этиш “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг мақсад ва вазифаларига тўла мос келишини таъкидлади.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Пьер фон Аркс Ўзбекистон тарихан турли конфессиялар ва этник гуруҳлар биргаликда тинч-тотув фаолият олиб бораётган дунёдаги саноқли мамлакатлардан бири эканлигини эътироф этди. Мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти буни янада юқори даражада таъминлаш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этаётганидан мамнунлигини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тахлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси С.Мадалиев Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон қўшилган халқаро ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда қонун олдида тенглик ва камситишни тақиқлашнинг барча асосий тамойиллари акс эттирилганлиги ҳақида тўхталди. Барча қонунларимизда фуқаролар учун ирқи, жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглик, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланишини назарда тутилган.

Анжуманда Дурбан декларациясининг муҳим ютуқлари – ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва улар билан боғлиқ бўлган тоқатсизлик сабабларини аниқлашга уриниш эканлиги, шу билан бирга, Дурбан декларацияси ушбу ҳодисаларга қарши курашиш борасида янги халқаро механизмларни яратишда туртки бўлиши алоҳида қайд этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech