Жорий йилнинг 10-11 декабрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари ойлиги” доирасида Тошкент шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида халқаро конференция иш бошлайди. Ушбу нуфузли анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 73 йиллиги, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясининг 10 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 25 йиллигига бағишланган мазкур халқаро конференция 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида бошланади. БМТ томонидан бу йилги Халқаро инсон ҳуқуқлари кунининг шиори “Ҳаммамиз инсонмиз, ҳаммамиз тенгмиз” эканини инобатга олсак, нуфузли анжуманнинг айни шу санада очилиши унинг аҳамиятини янада оширади. Сабаби жамиятда тенгсизликни тугатиш учун аввало инсонларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш керак. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш орқали айни мақсадларга эришиш мумкин.
Халқаро конференцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар сарҳисоб қилинади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор хорижий тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимоти ўтказилади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада янада такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни ташкил қилиш тўғрисида”ги фармойишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2021 – 2024 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури” лойиҳаси муҳокама қилинади.
Ушбу халқаро конференция мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида олдинга ташланган яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Назира РАҲМАТИЛЛАЕВА,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали мутахассиси
- Қўшилди: 09.12.2021
- Кўришлар: 3380
- Чоп этиш