Филиппинда шаҳар ҳокими бўлган хитойлик аёл умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Филиппин суди маҳаллий шаҳар ҳокими бўлган хитойлик аёл ва яна етти кишини одам савдоси айблови билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Бу маълумотни давлат прокурори ошкор қилди.

Манила шимолидаги шаҳарда ҳоким бўлиб ишлаган 35 ёшли Элис Го Хитой фуқароларига тегишли қиморхонани бошқариш, маҳаллий аҳоли вакилларига нисбатан онлайн фирибгарлик фаолиятини юритиш учун юзлаб одамларни ёллагани айтиляпти.

Прокурор Оливия Торревильяс сўзларига кўра, 2024 йил сентябрь ойида Филиппиндан қочиб кетгач, Индонезияда қўлга олинган Го ва яна етти нафар судланувчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

– Атиги бир йилдан сўнг суд бизга ижобий ҳукм чиқариб берди, – деди мулозим Манила минтақавий суди олдида. – Элис Го шериклари билан бирга судланди. Жазо – умрбод қамоқ.

Ўтган йил март ойида жабрланувчи, вьетнамлик ишчи мажмуадан қочиб чиқиб, полицияга хабар берган. Шундан сўнг Го билан боғлиқ йирик мажмуа, жумладан офис бинолари, ҳашаматли виллалар ва улкан сузиш ҳавзасига махсус рейд уюштирилди.

Воқеа жойида 700 дан ортиқ Филиппин, Хитой, Вьетнам, Малайзия, Тайвань, Индонезия ва Руанда фуқароларига тегишли, шунингдек Элис бинога эгалик қилган компания президенти эканини тасдиқловчи ҳужжатлар топилган.

Филиппин Уюшган жиноятчилик комиссияси вакили журналистларга Го ва яна уч жиноятчи мажмуада "одам савдоси уясини ташкил қилиш"да айбдор деб топилганини билдирди. Қолган тўрт киши "одам савдоси ҳаракатида" айбланган.

Гарчи Го Бамбан шаҳри мэри этиб сайланган бўлса-да, июнь ойида Манила суди Хитой фуқароси сифатида у дастлаб айни лавозимга номзодини қўйиш ҳуқуқига эга эмаслиги тўғрисида қарор чиқарганди.

ABS-CBN телеканали хабарида Го фаолияти бўйича тергов давомида сиёсатчилар унинг "Филиппин эмас, балки Хитой ҳукумати учун ишлаган"ига урғу бергани таъкидланган. Айни пайт "Филиппин фуқаролиги рўйхатидан ўтиш талабига риоя қилмагани, иммиграция ва сайлов қонунларини четлаб ўтган Хитой фуқароси экани"ни ҳам даъво қилган.

М.Пирматова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech