Фуқаролик жамияти институтлари — тараққиётнинг муҳим омили

Сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар кўрилди.

ННТ фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди. Айни вақтда 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва ушбу ҳужжат асосида тасдиқланган “йўл харитасида” жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки даражасини ошириш масаласи устувор вазифа этиб белгиланган.

Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришда нафақат давлат ва ҳўжалик бошқаруви органлари шунингдек, “давлат + фуқаролик институтлари + тадбиркорлик субъектлари” тамойили асосида унинг бевосита ташаббуси билан қатор ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалга тадбиқ этилаётир. Бунинг амалий ифодасини “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳаси доирасида ҳудудларда истеъмолчи кутубхонаси ва истеъмолчилар уйи қуриб фойдаланишга топширилаётгани мисолида кўриш мумкин.

Айтиш жоизки, бугунги кунда лойиҳа доирасида 71 та туман ва шаҳарда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.Ушбу лойиҳа доирасида бугун Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ҳам "Истеъмолчилар уйи” маъмурий биноси қуриб фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросими билан ташкил этилган тадбирда замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплексидан ўрин олган “Истеъмолчи кутубхонаси” фондидан мингдан ортиқ китобларни ўзида жамлаган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар ўрин олгани,  “Истеъмолчи қабулхонаси”да эса истеъмолчиларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилиниши қайд этилди. 

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов сўзга чиқди ва кейинги йилларда қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин, барқарор ва тизимли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратганлигини билдириб, Янги Ўзбекистондаги энг фаол ННТлардан бири Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси эканлигини таъкидлади.

Тадбир якунида “Истеъмолчи кутубхонаси”га 300 га яқин адабиётлар топширилди.

Манба: parliament.gov.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech