ИҲТ Комиссиясининг 17-сессияси имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларига бағишланди

Аввал хабар берилганидек, 2021 йил 30-31 март кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг онлайн шаклда ўтказилган 17-сессияси ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази  директорининг ўринбосари Дилноза Муратова иштирок этди. Ушбу сессия доирасида 30 март куни "Имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш" мавзуида тематик мунозаралар ташкил этилди.

Сессия ишида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг аъзолари иштирок этди. Шунингдек, анжуманда ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомига эга давлатлар, ушбу давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари қатнашди.

ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Раиси профессор Саид Альгуфли ИҲТ Комиссиясининг 17-сессиясида муҳокама этиладиган тематик мунозаралар мавзулари ҳақида сўз юритар экан, ижтимоий адолат ва бирдамлик билан боғлиқ ислом дини қадриятларига таянган ҳолда, Ислом ҳамкорлик ташкилоти инклюзив ва уйғун жамиятлар барпо этишда имконияти чекланган шахслар ҳуқуқлари муҳим ўринга эга эгалигини эътироф этишини таъкидлади.

ИҲТнинг имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларига тааллуқли Ҳаракатлар режасини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси мазкур Режа БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мос келишини таъминлаш ва унинг миллий даражаларда имплементация этилишига эришиш борасида ўз тажрибасини баҳам кўришга тайёрлигини маълум қилди.

ИҲТга аъзо давлатларга БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида белгиланган мажбуриятларни бажариш ва бу борада мақсадли тадбирларни амалга ошириш учун миллий стратегияларни ишлаб чиқиш учун фуқаролик жамияти фаоллари, диний раҳнамолар, оммавий ахборот воситалари ва хусусий сектор вакиллари иштирокида тегишли чора-тадбирларни тасдиқлаш тавсия этилди.

ИҲТ Бош котиби Юсеф Ал-Усаймин жаноблари ИҲТ Комиссиясининг 17-сессияси иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида ушбу Комиссиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни адо этиш борасидаги фаолиятини юқори баҳолади. Шунингдек, у узоқ давом этаётган Covid-19 пандемияси оқибатида имконияти чекланган шахслар билан боғлиқ тизимли тенгсизлик ва заифлик ҳолатлари янада яққол кўзга ташланиб қолган бугунги шароитда айни шу долзарб мавзуда тематик мунозаралар ташкил этилганини маъқуллади.

Юсеф Ал-Усаймин ИҲТга аъзо давлатларнинг аксарияти БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолагани ва ратификация қилганини қайд этди. Бундан ташқари, бу борадаги саъй-ҳаракатларни БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига, айниқса, унинг имконияти чекланган шахсларга тааллуқли қисмларига интеграциялаштириш учун ИҲТ томонидан Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилганига эътибор қаратилди. ИҲТ Бош котиби Ташкилотга аъзо давлатларни имконияти чекланган шахсларга бошқалар билан тенг ҳуқуқларни кафолатлаш йўлидаги руҳий-маънавий, ижтимоий, маданий ва экологик тўсиқларга барҳам беришга қаратилган миллий қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга чақирди.

ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг аъзолари, сессия иштирокчилари ҳамда ИҲТга аъзо давлатлар ва ушбу давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлари вакиллари ҳам тематик мунозаралар мавзусига тўхталиб, ўзларининг бу борадаги муаммолари, тажрибалари, турли даражалардаги илғор амалиётлари ҳақида сўзладилар.

Сессиянинг "Имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш" мавзуидаги тематик мунозараларининг концептуал ҳужжати лойиҳаси юзасидан Озарбайжон, Бангладеш, Баҳрайн, Яман, Кипр, Қувайт, Фаластин ва Того вакиллари сўзга чиқиб, ўзлари мансуб мамлакатларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот бердилар.

Ўзбекистон Республикаси вакили Д.Муратова ИҲТ Комиссиясининг 17-сессияси иштирокчиларига ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича ахборот тақдим этди. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларига риоя этиш ва ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчилик асослари ҳамда институционал механизмлар тўғрисида батафсил сўз юритилди.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида Ўзбекистон БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишига доир ташаббус билан чиққани ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомига эга давлатлар томонидан юксак баҳоланди.

Сессия иштирокчилари Ўзбекистонда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани, мамлакат ҳукумати томонидан бозор иқтисодиёти шароитида ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлайдиган корхоналарнинг барқарор фаолият юритишини рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар кўрилаётгани, шунингдек инклюзив таълимни татбиқ этиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига ижобий баҳо бердилар.

Ўзбекистон томони ИҲТ Комиссияси 17-сессиясининг "Имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш" мавзуидаги тематик мунозараларига доир концептуал ҳужжат лойиҳаси юзасидан ҳам таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Комиссия аъзолари, мунозара иштирокчилари ва ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари томонидан ниҳоятда муҳим ва самарали мунозаралар ташкил этилгани таъкидланди. Имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасидаги зарур бошқарув барчага куч-ғайрат бағишлаши эътироф этилди.

Кенг кўламли муҳокамалар ниҳоясида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг "Имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш" мавзуидаги тематик мунозараларига доир якуний ҳужжат қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech