Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга субъект ҳисобланади

24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида, жумладан, шу ҳақда сўз борди. Тадбир "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги" Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланди.

2021 йил 27 апрелда қабул қилинган мазкур Конституциявий қонун инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгандир. Унда бир қатор принципиал янгиликлар киритилган.

Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Ғафуровнинг айтишича, янги Қонундаги ана шу муҳим янгиликлар конституциявий одил судловнинг янги даврини бошлаб берди. Хусусан, Қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди.

 Мазкур субъектларга – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда фуқаролар ва юридик шахслар киради.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқининг берилиши бўлди.

Фуқаролар муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини ишончли кафолатлашга хизмат қилади. 

Матбуот анжуманида судья С.Кошаева Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик асосларини такомиллаштиришнинг аҳамияти, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашдаги роли, процессуал жиҳатлари ҳақида тушунтиришлар берди.    

Матбуот анжумани давомида Конституциявий суднинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш масалаларига оид савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди.

Тадбир якунида замонавий демократик давлатларда конституциявий одил судлов инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши, Ўзбекистонда конституциявий одил судловнинг жорий этилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенг ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech