Инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссияси аъзолари учун халқаро онлайн-тренинг ўтказилди

9 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Буюк Британиянинг “Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси” (GPGF) нодавлат ташкилоти томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси аъзолари учун учинчи онлайн тажриба алмашиш тренинги бўлиб ўтди. Бу ҳақда parliament.gov.uz сайти хабар берди.

Видеоконференция форматида ўтказилган тренингнинг асосий мақсади – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, мамлакатнинг ҳалқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳалқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш, шунингдек инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга оширишда миллий ва халқаро тажриба алмашишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов, GPGF нодавлат ташкилоти эксперти Баронесса Элисон Сатти ва GPGF директори ўринбосари Рианнон Холлис тадбир иштирокчиларини самимий қутладилар.

Анжуман давомида GPGF эксперти Ник Уолкер, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг собиқ раиси ва Грузия парламентининг Юридик қўмитаси раиси Эка Бесилиа, GPGF Лойиҳалар бошқармаси ходимлари Исилай Актас ва Элизабетт Яшнева давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ва бу мажбуриятларни бажаришнинг энг яхши амалиётлари бўйича маърузалар қилди.

Мулоқотлар давомида пандемия даврида парламентларнинг фаолияти мавзусида ҳам фикр юритилди. Хорижий мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавирус туфайли жорий этилган карантин даврида айрим мамлакатлар парламентлари ўз фаолиятини бутунлай тўхтатган бўлса, айримлари масофадан ишлаш тизимига ўтган.

Экспертлар Ўзбекистон парламенти, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини бир кун ҳам тўхтатмаганини эътироф этдилар. Бунинг учун яратилган имконият ва қулайликлар билан қизиқдилар.   

Шу билар бирга, тренинг давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тизимлаштириш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, инсон ҳуқуқлари соҳасида мониторинг олиб боришда гендер тенглик нуқтаи назардан ёндашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида парламент назоратини амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида Олий Мажлис палаталарига инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш тавсия этилганди.

Давлат раҳбарининг ушбу тавсиясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши 2020 йил 25 сентябрда муҳим аҳамият касб этадиган қўшма қарор қабул қилди. Қўшма қарорга асосан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди.

Парламент комиссиясининг асосий мақсади – инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишига ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишдир.

Парламент комиссияси зиммасига аниқ ва равшан вазифалар юкланган. Хусусан, у инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади.

Парламент комиссияси фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти амалга оширади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech