Инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссиясида Ришар Коменда билан мулоқот бўлиб ўтди

23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси раҳбари Ришар Коменда билан учрашуви бўлди.  Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, мазкур Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов Женева шаҳридан онлайн иштирок этди.

Учрашувдан мақсад – Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқулари бўйича Кенгашига аъзолиги доирасида 2021 йилда биргаликда амалга оширилиши назарда тутилган режалар ва тадбирларни муҳокама қилиш, дейилади parliament.gov.uz сайти хабарида.

Музокаралар чоғида Р. Комендага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига бўлган очиқлик сиёсати ва Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Маълумот учун: БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси раҳбари Р.Коменда 22 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида иштирок этиши муносабати билан ташкил этилган Халқаро пресс-клубнинг махсус сессиясида  ҳам иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу тадбирда Тошкент-Женева телекўприги орқали БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияси бўлиб ўтаётган шаҳар – Швейцария пойтахтидан онлайн тарзда қатнашди ва сўзга чиқди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech