Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда, онлайн тарзда ташкил этилган ижодий мулоқот 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида таъкидланганидек, “Эл-юртимиз, жамоатчилигимиз матбуот нашрлари, теле-радио каналлар, нашриёт ва матбаа корхоналари, Интернет сайтлари, ахборот хизматларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган заҳматкаш журналист ва блогерлар, ношир ва муҳаррирлар, таржимон ва рассомлар, режиссёр ва операторлар, барча техник ходимларнинг машаққатли меҳнатини яхши билади ва юксак қадрлайди”.
Президентимиз томонидан 2021 йил 25 июнда «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармон имзолангани бунинг яна бир яққол тасдиғидир. Фармонга мувофиқ, пандемия туфайли вужудга келган мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, жамоатчиликка тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни кенг ва холис акс эттириш, сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган соҳа фидойиларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Шу муносабат билан Марказда ўтказилган тадбирда ушбу байрамнинг тарихи ва бугуни ҳақида мухтасар сўз юритилди. Хусусан, бир асрдан зиёд вақт аввал, 1906 йил 27 июнда ўзбек тилидаги илк газета бўлмиш «Тараққий»нинг биринчи сони олам юзини кўргани қайд этилди. Айнан шу тарихий сана мустақил Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонлана бошланди.
Бу касб байрами сўнгги йилларда янгича мазмун касб этди. Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминлаш — мамлакатимиз ривожланиши стратегиясининг устувор йўналишига айланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистон ҳаётининг бошқа соҳалари қатори инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни атрофлича ёритишга мунтазам эътибор қаратиб келаётган журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирилиб, байрам совғалари тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.06.2021
- Кўришлар: 3864
- Чоп этиш