Инсон ҳуқуқлари мавзусидаги танлов ғолиблари тақдирланди

2021 йил 11 декабрь куни «Рақамли авлод. COVID-19 пандемияси даврида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим» мавзусида ёшлар ўртасида ўтказилган Республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбир Тошкентда “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида ташкил этилган икки кунлик халқаро конференция доирасида бўлиб ўтди.

Ушбу танлов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2021 йил 10 ноябрь куни эълон қилинган бўлиб, бир ой давом этди. Танловнинг 4 та номинацияси бўйича жами 60 та ҳужжат келиб тушди. Танлов ҳомийлари орасида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси бор.

Танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши инфографика” номли биринчи номинацияси бўйича қуйидаги ғолиблар аниқланди:

1-ўрин – Эъзоза Собирова, Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси;

 2-ўрин – Тоҳир Худойберганов, Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ходими;

3-ўрин – Суннат Ҳакимов, Тошкент давлат юридик университети талабаси.

 Танловнинг иккинчи номинацияси “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши видеоролик” деб номланган. Бу номинация бўйича 2-ўринга – Тошкент давлат юридик университетининг “Юксалиш сари” клуби аъзоси Муниса Райимова сазовор бўлди. Шунингдек, 3-ўринга 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Хондамир Назиров муносиб топилди.

 Ўз навбатида, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши мақола” номли учинчи номинация бўйича қуйидагилар ғолиб бўлди:

1-ўрин – Шаҳло Сафарова, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Ҳуқуқ назарияси ва давлат бошқаруви” кафедраси ўқитувчиси;

2-ўрин – Мирёқуб Раҳимов, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси;

3-ўрин – Баҳром Саидов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ўқитувчиси.

Танлов ғолибларига дипломлар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий университети талабаси Асадбек Зоиров, Тошкент давлат юридик университети талабаси Дилноза Ярашова ва Самарқанд давлат университети юридик факультети 2-курс талабаси Азимжон Саломов рағбатлантирувчи мукофот соҳибларига айланди.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштироки ҳамда фидокорона меҳнати учун:

  • Ички ишлар вазирлиги Академияси Ташкилий-штаб фаолияти кафедраси бошлиғи, полковник Алимжон Матчонов;
  • Тошкент давлат юридик университети профессори Говхержон Юлдашева;
  • Бош прокуратура Академиясининг Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунлар ижроси устидан назорат кафедраси бошлиғи Хуршид Каримов;
  • Бош прокуратура Академияси ўқитувчиси Азиз Ҳикматов;
  • Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ҳуқуқий фанлар кафедраси доценти Меҳмонали Сувонқулов;
  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ташкилий бошқармасининг муҳим топшириқлар бўйича инспектори Тўлаган Абдуллаев ташаккурнома билан тақдирланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech