Инсон ҳуқуқлари соҳасида муҳим қадам

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида қатнашди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқининг ушбу олий минбардан ўзбек тилида жаранглаши эса тарихий воқеа бўлди.

Президентимиз ўз нутқида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилган муҳим ютуқларга тўхталди. Хусусан, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегия тасдқиланганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи тобора ортиб бормоқда. Инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг дахлсизлиги борасидаги теран тушунчалар амалий ҳаётимиздан янада мустаҳкам ўрин олмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаётимизда юз бераётган жиддий ўзгаришлар  шу саъй-ҳаракатларнинг амалий самараларидир.

Бунга, жумладан, болалар меҳнатига чек қўйилгани, ўқитувчиларни камситувчи, фаолият мезонига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар бекор қилиниб, уларнинг жамиятдаги ҳақиқий нуфузи тиклангани, аёлларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш, гендер тенглик тўғрисида қабул қилинган қонунлар ҳаётга татбиқ этилаётгани мисол бўла олади.

Мамлакатимизда айни йўналишда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда рағбатлантириш сиёсатига қатъий содиқлигини исботлайди.  Президентимиз нутқи Ўзбекистон ўзи танлаган ташқи сиёсат асосида бундан кейин ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича барча манфаатдор халқаро тузилмалар билан изчил ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини яққол кўрсатди.

Шу билан бирга, Юртбошимиз нутқидаги БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича маърузачиси институтини таъсис этиш, имконияти чекланган шахсларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш бўйича минтақавий кенгаш тузиш, шунингдек Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишланган глобал форум ўтказиш каби муҳим глобал ва минтақавий ташаббуслар Ўзбекистоннинг келгусида ҳам инсон ҳуқларини ҳимоя қилиш соҳасида дадил одимлашда давом этишини бутун дунёга намойиш қилди.

 

Дилафруз Умарова,
"Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журнали
таҳририяти кадрлар бўйича бош инспектори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech