Инсон ҳуқуқлари соҳасини барқарор ривожлантириш сари

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2006 йилда тузилган. Кенгаш бутун дунёда долзарб бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири ҳисобланади. 

Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 47 та давлат аъзодир. Ўтган йил охирида Ўзбекистон 2021-2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси этиб илк бор сайланди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, мамлакатимиз ўз тарихида илк маротаба Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайлангани ҳамда АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани кенг кўламли демократик ислоҳотларимизнинг эътирофидир.  

Энг муҳими, Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинаётгани Президентимиз сиёсатининг оқилона тарзда олиб борилаётганидан далолат беради.

Бутун дунёдаги коронавирус пандемияси муносабати билан Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилиши видеоанжуман шаклида ўтказилди. Ўзбекистон Президенти форумнинг биринчи кунида нутқ сўзлади.

Эътиборли жихати шундаки, Юртбошимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияси қатнашчиларига ўзбек тилида мурожаат қилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига батафсил тўхталди. Шу билан бир қаторда, бугунги кунда юртимизда инсон хуқуқлари бўйича амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида сўз юритди. Жумладан,

  • 2030 йилгача мўлжалланган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилиши, ўз навбатида, бу борадаги ишлар Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилиши;
  • гендер сиёсати масалалари борасида, жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирган ҳолда,
    2021 йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилаётгани;
  • алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётгани ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга киргани, эндиликда Ўзбекистон парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилаётгани;
  • Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича улкан ишлар амалга оширилгани, 2021 йил - Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Ўзбекистонда Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилиниши;
  • ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимиз марказида экани ҳақида алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари бир қатор амалий таклифлар ва глобал ташаббусларни илгари сурди. Хусусан:

  • имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
  • БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
  • Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар Бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш;
  • Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш, қийноқларнинг олдини олиш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масалаларига ҳам тўхталди.

Шундай қилиб, Юртбошимиз таъкидлаганидек, биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни англаган ҳолда,  халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини ҳамиша қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради.

 

Дилноза Раҳимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech