Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Айни чоғда, урушни кўрган аждодларимиз бизга мерос қолдирган тинч-осойишта турмуш бағрида вояга етган ва бугун сафларимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган ёши улуғ юртдошларимизни ҳам эъзозлаймиз. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Икром Отамурод – эл-юртимизнинг ана шундай қадрли фахрийларидан бири.
5 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта тадбирлар залида шоир Икром Отамурод таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Ватан сувратига суврат бўл, халқим!” номли маънавий-маърифий тадбир ҳамда “Сукут садоси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, академик Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Мамлакатимиз кенг жамоатчилиги Икром Отамуродни таниқли шоир ва таржимон, моҳир муҳаррир ва мураббий сифатида яхши билади ҳамда юксак қадрлайди. У ХХ асрнинг 70-йилларида шеърият майдонига кириб келган бўлиб, ўтган даврда 20 га яқин китоб ёзди ва нашр эттирди. Сўзга содиқ шоир шу тариқа ўзининг шеърий услубини муттасил сайқал топтириб келмоқда.
Икром Отамурод шеърий достонлари сони ва маънавий салмоғи бўйича Мустақиллик йиллари поэманавислигида етакчи ўринларда туради. У жаҳон адабиётидан Уолт Уитмен, Пабло Неруда, Евгений Евтушенко, Ўлжас Сулаймон, Октавио Пас, Сесар Вальехо каби ўз руҳиятига яқин шоирларнинг шеър ва достонларини она тилимизга таржима қилган.
Шоирнинг асарлари турк, араб, булғор, рус, молдаван, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик, грузин тилларига ўгирилган ва чоп этилган. У 1975 йилдан буён, яъни 46 йил давомида “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятида узлуксиз ишлаш асносида юзлаб ёш шоирларга устозлик қилган.
Икром Отамурод 1999 йили “Дўстлик” ордени, 2019 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан мукофотланган. Бу, шубҳасиз, шоирнинг фидокорона хизматлари давлат ва жамият томонидан эътироф этилишининг ёрқин ифодасидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.05.2021
- Кўришлар: 4179
- Чоп этиш