Ихтисослаштирилган муассасада мониторинг ўтказилди

Аввал маълум қилинганидек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили иштирокида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида мунтазам равишда жазони ижро этиш муассасаларида “мониторинг ташрифлари” ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларнинг бири жорий йилнинг 26 май куни Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сонли маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган колонияда бўлиб ўтди.

Ушбу муассаса республика миқёсида ягона ва жазони ижро этиш муассасаларида, қамоқда сақлаш жойларида сақланаётган эркак жинсига мансуб шахсларни даволашга ихтисослаштирилган муассаса хисобланиб, 20 та бўлимдан иборат ва 1 минг 130 ўринга мўлжалланган.

Муассаса маъмурияти берган маълумотга кўра, бу ерда 600 нафардан ортиқ шахс даволанмоқда. Улар орасида вояга етмаганлар мавжуд эмас.

Эксперт гуруҳи аъзолари муассасада 2020 йилда қисқа муддат ичида қуриб битказилган ва фойдаланишга топширилган турли юқумли касалликларни, хусусан, коронавирус аломатлари бор-йўқлигини аниқлашга ихтисослаштирилган лаборатория фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ушбу лабораторияда малакали мутахассислар фаолият юритаётгани, шу билан бирга, унинг энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганги ва бир вақтнинг ўзида қарийб 200 намунани таҳлил қилиш имконияти мавжудлиги алоҳида эътиборга лойиқдир.

Муассасада эрки чекланган шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш, яшаш ва овқатланиш хоналарида яратилган шарт-шароитлар кўриб чиқилганда, улар талаб даражасида эканлиги, муассасанинг айрим бинолари таъмирдан чиқарилганлиги ва айримларида эса таъмирлаш ишлари давом эттирилаётгани кузатилди.

Муассасада турли касалликлар билан даволанаётган айрим шахслар ва уларнинг яқинлари билан мулоқот олиб борилганда, яратилган шарт-шароитлардан ва муассаса маъмурияти ишидан шикоят тушмади.

Бу ерда даволанаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашувлар, онлайн суҳбатлар ўтказиш ва телефон орқали сўзлашувлар учун шарт-шароитлари етарли даражада ташкил қилинган.

Тадбир иштирокчилари таъмирланаётган биноларда яратилаётган имкониятлар билан танишар экан, белгиланган стандартларга, санитария-гигиена ва ёнғинга қарши қоидаларга мослиги каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишди ва ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Шунингдек, мониторинг ташрифи давомида ошхонада овқат тайёрлаш жараёни ҳамда озиқ-овқат таъминоти сифат ва меъёрларига амал қилиниши аҳволи кўздан кечирилди.

Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech