Маълумки, жорий йилнинг 11 июнь куни интернет тармоқларида 10 июнь тунида 42 ёшли фуқаро – Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов ўзи бошқарган Cobalt русумли автомобилда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги сабабли Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан тўхтатилгани, инспекторлар А.Аҳмедовни ўзларининг бошқарувида бўлган Spark русумли автомобилнинг орқа ўриндиғига юза қисмидан босиб, унинг ўзига озор бермасликларини сўраб бақирганига қарамай, фуқаронинг қисқа ва тез ўлимига сабаб бўлишгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Самарқанд вилояти суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, А.Аҳмедовнинг ўлимига юрак ўлчами ва массасининг кескин ошиши, яъни нафас қайтиши сабаб бўлган. Экспертиза давомида унинг юзи ва бўйин қисмлари, тирсак ва бошқа соҳаларда жароҳатдан олинган шилинмалар борлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Каттақўрғондаги ўлим билан боғлиқ ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига расмий хат юборди. Хатда мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят ишининг тергови устидан прокурорлик назорати ўрнатиш ҳамда натижаларини тегишли тартибда оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш сўралган.
Марказ қонун бузилиш ҳолатининг ҳар қандай кўринишига, шу жумладан, қийноқларга муросасиз эканлигини билдиради. Ўзбекистон Республикаси 1995 йил 31 августдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенцияси иштирокчиси саналади.
Бундай ҳолатлар мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келиши билан бирга, давлатимиз обрў-эътиборига доғ тушириши ҳамда кейинги йилларда Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил сиёсатга путур етказиши мумкин. Шу муносабат билан Марказ бу каби ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича аниқ ва қатъий чоралар белгиланиши лозим, деб ҳисоблайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.06.2021
- Кўришлар: 3946
- Чоп этиш