2021 йил 10-11 декабрь кунлари пойтахтимизда “Инсон хуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси М. Бачелет, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби М. Чунгонг, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси директори М. Миккачи ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева кириш сўзи билан иштирок этди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланган. Унда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш масаласи устувор вазифалардан бири этиб кўрсатилган. Хусусан, гендер тенгликни таъминлаш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қарори билан 2030 йилга қадар мўлжалланган Стратегия қабул қилинди.
— Инсон ҳуқуқлари деганда бизнинг мамлакатимизда энг аввало, болалар, ёшлар, аёллар ҳуқуқига катта эътибор қаратилаётганлигининг барчангиз гувоҳисиз. Бу борада БМТнинг барча тавсияларини ҳаётга тадбиқ этишда давлат, нодавлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда, — деди Т. Нарбаева.
Халқаро конференцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Бундан ташқари, конференция доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор хорижий тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимоти ўтказилади ҳамда таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада янада такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
- Қўшилди: 11.12.2021
- Кўришлар: 3264
- Чоп этиш