Буюк Британияда ҳар чоракда нашр этиладиган «Open Central Asia» журналининг янги сонида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг “Ўзбекистоннинг БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги” мавзуидаги мақоласи чоп этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири Лондондан хабар қилди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ташкил этилган мамлакат ҳисобланади. Ушбу институтлар қаторига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистан Республикаси Миллий маркази, Парламент омбудсмани, Болалар омбудсмани ва Бизнес-омбудсман киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси изчиллик билан амалга оширилмоқда. Миллий марказ томонидан ижроси мониторинг қилиб борилаётган мазкур Миллий стратегия жаҳоннинг етакчи экспертлари, кенг жамоатчилик ва халқаро ташкилотларнинг фикр-мулоҳазалари ҳисобга олинган ҳолда тайёрланган. Бугунги кунда ушбу ҳужжат Ўзбекистон томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва БМТнинг бошқа устав органлари тавсияларини бажаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг ер юзида тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашда кўмаклашиш борасидаги алоҳида ўрни ва ролини қўллаб-қувватлайди. Шу маънода, «Open Central Asia» журналида қайд этилганидек, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг фаол аъзоси сифатида дунёнинг барча мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка ва БМТ билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.08.2021
- Кўришлар: 3575
- Чоп этиш