Миллий марказда ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари  маслаҳатчиси билан учрашув

30 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова билан ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идорасининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси А. Аязбеков ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув жорий йилда ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари К.Кампнинг Ўзбекистонга амалга оширилиши кутилаётган ташрифига тайёргарлик ишларига бағишланди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ва халқаро тажриба алмашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот аввалида томонлар ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари К.Кампнинг жорий йилда Ўзбекистонга амалга оширажак ташрифи юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Хусусан, ташриф доирасида ўтказиладиган тадбирлар ва мулоқотларнинг мазмун-моҳияти, ташрифнинг ташкилий жиҳатлари ҳамда кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова даставвал Миллий марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий институт сифатидаги роли, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишларига мухтасар тўхталди. ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идораси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари, ўтказилган учрашув ва тадбирлар, қўшма ташаббуслар тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, Д.Муратова БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг Универсал даврий ҳисобот (УДҲ) доирасида Ўзбекистон томонига илгари сурилган тавсиялар ва уларнинг амалга оширилиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, мазкур тавсиялар асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Миллий ҳаракатлар режаси лоийиҳаси ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

Яъни, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тизимли ислоҳотларни янада ривожлантиришга қаратилган. Айни вақтда ушбу ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, бу унинг шаффоф, инклюзив муҳокамалар жараёни асосида такомиллаштирилишига ёрдам беради.

Ўз навбатида, ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идорасининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси А.Аязбеков учрашув самарали ташкил этилгани учун миннатдорлик изҳор этди. Томонлар ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқотни юқори баҳолади.

Унинг таъкидлашича, ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идорасининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиши кучли, айниқса, озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда бағрикенгликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар салоҳиятини ошириш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Шунингдек, у Ўзбекистонга К.Кампнинг бўлажак ташрифи муҳим аҳамият касб этишини қайд этар экан, ушбу ташриф икки томонлама мулоқотни янада фаоллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Учрашув давомида томонлар қуйидаги таклифларни илгари сурдилар:

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси юзасидан ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идорасининг таклиф ва тавсияларини тақдим этиш;

Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 60 йиллиги муносабати билан тадбирлар дастури доирасида ҳамкорликда давлат органлари ва парламент аъзолари учун семинар ва тренинглар ташкил этиш;

ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идораси томонидан нашр этилган материалларни ўзбек тилига таржима қилиш ва уларни тегишли давлат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш;

миллий озчиликлар масалалари бўйича давлат органлари ва парламент аъзолари учун инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда онлайн-курслар ишлаб чиқиш ва уларни ҳамкорликда амалга ошириш.

Учрашув амалий руҳда ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими етакчи мутахассиси А.Миржалилов ҳам иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech