ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА 2030 ЙИЛГАЧА МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯ ЛОЙИҲАСИ ЮЗАСИДАН ЭЛЧИХОНАЛАР ВА ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАР ВАКИЛЛАРИ БИЛАН МАСЛАҲАТЛАШУВЛАР

20 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси” лойиҳаси юзасидан халқаро ҳамжамият ва дипломатик корпус вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказилди. Мулоқот БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда асосий эътибор инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этувчи 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасининг асосий жиҳатларини муҳокама қилишга қаратилди. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ва устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилиб, миллий ва халқаро экспертларнинг таклиф ҳамда тавсияларини инобатга олган ҳолда ушбу стратегияни янада такомиллаштириш масалалари ҳам алоҳида диққат марказида турди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар намояндалари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ хорижий эксперт қатнашди.

Маслаҳатлашувларнинг кириш қисмида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Сабине Маҳл сўзга чиқди.

Акмал Саидов 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнининг аҳамияти, унинг миллий ва халқаро миқёсдаги инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли мақсадларини алоҳида таъкидлади. Ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги устувор йўналишларини белгилаб берувчи асосий дастурий манба ҳисобланиб, мамлакатнинг узоқ муддатли ислоҳотлар стратегияси билан узвий боғлиқ экани қайд этилди.

Шунингдек, А. Саидов Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган Фармони билан тасдиқланган инсон ҳуқуқлари бўйича илк Миллий стратегия 2020–2024 йиллар мобайнида амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирларни белгилаган муҳим тарихий босқич бўлганини эътироф этди. Ўз навбатида, Президентнинг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган Фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган янги лойиҳа “яшил иқтисодиёт” ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги устувор мақсадларни мужассам этгани билан ажралиб туради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда аниқ мақсадларга эга, манзилли ва ҳисобдор ёндашувлар устувор этиб белгиланган. Миллий марказ директорининг фикрича, мазкур ҳужжат нафақат миллий даражадаги ислоҳотларни тизимли равишда мувофиқлаштиради, балки халқаро майдонда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги позициясини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Сабине Маҳл инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнига халқаро ташкилотларни жалб этиш, очиқ ва инклюзив мулоқотни таъминлаш Ўзбекистоннинг бу соҳадаги янгиланган сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур жараён глобал миқёсдаги инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқ миллий сиёсатни шакллантиришда муҳим қадам ҳисобланади.

С. Маҳлнинг фикрича,, мазкур стратегия инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий сиёсатни аниқ мақсадлар асосида йўналтиришга, самарали мониторинг ва баҳолаш механизмларини жорий этишга ҳамда барча фуқаролар, айниқса, аҳолининг заиф гуруҳлари ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга хизмат қилиши керак.

Тадбирнинг амалий қисмида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳаси тўрт йўналиш бўйича ишчи гуруҳларда батафсил муҳокама қилинди. Мазкур ишчи гуруҳ сессиялари Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларининг модераторлиги остида ташкил этилди ва ҳар бир гуруҳ белгиланган йўналиш бўйича аниқ вазифаларни муҳокама қилди.

1-ишчи гуруҳ фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор вазифаларни муҳокама қилди. Иштирокчилар сўз эркинлиги, адолатли судлов, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича Миллий стратегия лойиҳасида белгиланган мақсадларни қўллаб-қувватлади ва жамоатчилик иштироки механизмларини янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирди.

2-ишчи гуруҳда иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги вазифалар бўйича фикр алмашилди. Иштирокчилар тенг иқтисодий имкониятлар яратиш, сифатли таълим ва тиббий хизматга бўлган ҳуқуқни таъминлаш, шунингдек, экологик адолат масалалари юзасидан ўз таклифларини тақдим этди.

3-ишчи гуруҳ фаолияти ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланди. Иштирокчилар томонидан аёллар, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар каби тоифаларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш бўйича ҳуқуқий механизмларни институционал даражада мустаҳкамлаш, давлат хизматларига тенг ва инклюзив киришни таъминлаш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.

4-ишчи гуруҳда миллий инсон ҳуқуқлари институтлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш, таълим тадбирлари самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Унда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни барча даражадаги таълим муассасаларида тизимлаштириш, оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли хабардорлигини ошириш ва халқаро тажрибани татбиқ этиш юзасидан амалий ва манзилли таклифлар илгари сурилди.

Ишчи гуруҳларда олиб борилган муҳокамалар якунида иштирокчилар томонидан билдирилган асосий таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, тақдимот орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Тақдимот жараёнида ҳар бир ишчи гуруҳ номидан спикерлар сўзга чиқиб, муҳокама қилинган устувор масалалар, билдирилган долзарб фикрлар ва лойиҳани такомиллаштириш бўйича амалий таклифларни баён этдилар.

Тадбир якунида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер сўзга чиқди. У Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан қатор қўшимча тавсияларни тақдим этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech