Янги Ўзбекистон: давлат хизмати соҳасидаги глобал ўзгаришлар билан ҳамқадам

23 июнь – БМТнинг Давлат хизмати куни

 

Ҳар йили 23 июнда БМТнинг Давлат хизмати куни бутун дунёда кенг нишонланади. Мазкур сана БМТ Бош Ассамблеясининг 2002 йил 20 декабрдаги 57/277-резолюцияси билан таъсис этилган.

Ушбу сананинг белгиланиши давлат хизматининг жамият учун нақадар қадрлилигидан ёрқин далолат бўлиб, тараққиёт жараёнига унинг муҳим ҳиссаси борлигини тасдиқлайди. Бу сана давлат хизматчилари фаолиятининг муносиб эътирофи ва ёшларни давлат секторида мансаб пиллапояларидан юксалишга рағбатлантиришнинг ўзига хос воситаси ҳамдир.

Худди шу санада барча мамлакатларда давлат бошқаруви тизимининг янада ҳозиржавоблиги ва самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган давлат хизматчилари ва давлат муассасалари ходимлари БМТнинг 2003 йилда жорий этилган “Давлат хизматини ривожлантиришдаги ҳиссаси учун” мукофоти билан тақдирланади. Ушбу мукофот бир неча тоифа, хусусан:

  • давлат хизматларининг очиқлиги, ҳисобдорлиги ва ҳозиржавоблигини ошириш;

  • давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

  • инновация механизмлари негизида ҳал қилувчи қарорлар қабул қилиш жараёнидаги фаол иштирокни рағбатлантириш; 

  • давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишга кўмаклашиш каби йўналишлар бўйича тақдим этилади.

БМТ мукофоти БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) томонидан ҳар йили ташкил этиладиган БМТ Давлат хизмати форумида тантанали равишда топширилади. БМТ Давлат хизмати форуми – давлат бошқаруви соҳасидаги салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган глобал анжумандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2025 йилги БМТ Давлат хизмати форуми 23-25 июнь кунлари Ўзбекистонда, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бугун, айнан 23 июнь – БМТнинг Давлат хизмати куни юртимиз заминида тантанали очилган ана шу Форум «2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш» мавзусига бағишлаб ўтказилмоқда.

Форум БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида давлат бошқаруви ва хизматларини кўрсатиш жараёнларини тезлаштириш зарурати муҳокама қилинади.

Мулоқотлар асносида давлат хизматларини яхшилаш учун рақамли трансформация, инновациялар ва ҳамкорлик муҳим омиллар эканига урғу берилади. Хусусан, хизматлардан етарлича фойдалана олмаётган жамоалар учун имкониятларни кенгайтириш ва ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик масалаларига аҳамият қаратилади.

Форум БМТнинг Давлат хизмати кунида очилганида ўзига хос рамзий маъно бор. Экспертларнинг фикрича, глобал анжуман давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда давлат хизмати самарадорлигини оширишга қаратилган юқори даражадаги музокаралар, инновацион ечимлар ва стратегик ҳамкорлик учун қулай мулоқот майдони вазифасини ўтайди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Давлат хизмати бўйича форуми иштирокчиларига табригида таъкидланганидек, “Бугунги кунда давлат бошқарувида рақамли трансформацияни рағбатлантириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг инновацион ечимларини қўллаш, давлат сектори институтларида самарадорликни кескин ошириш, лидерлик бошқарув услубини ривожлантириш, узлуксиз таълим олишни кенгайтириш ва бўлажак раҳбарлар учун зарур кўникмаларни белгилаш бўйича илғор тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир”.

БМТ Давлат хизмати форуми Марказий Осиё минтақасида илк бор Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Анжуман ишида БМТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар, дунёнинг турли қитъа ва минтақа давлатларидан 400 га яқин делегат иштирок этмоқда.

Мазкур Форум арафасида, 2025 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолагани алоҳида эътиборга сазовор.

Фармонга кўра, жумладан, давлат ташкилотидаги инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари кадрлар сиёсати бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади. Улар давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчилари ўртасида мулоқотни кучайтиришни назарда тутувчи «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилади. Унда ходим тўғрисидаги маълумотлар, боғланиш учун телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базаси яратилади.

Бундан ташқари, БМТ томонидан 23 июнь – БМТнинг Давлат хизмати куни деб эълон қилинганлиги ҳамда ушбу кунда давлат хизмати аҳамиятини ёритишга оид махсус тадбирлар ташкил қилишга чақирилганлиги муносабати билан ҳар йили ҳар бир вазирлик ва идораларда давлат хизматчиларининг оила аъзолари учун «оила куни» тадбирлари ташкил этилади.

Шундай қилиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, дунёга тобора очилаётган, жадал ислоҳотлар йўлидан бораётган ва илғор халқаро тажрибани кенг татбиқ этаётган, “давлат – халқ учун” тамойилига қатъий амал қилиб келаётган Янги Ўзбекистон давлат хизмати соҳасида глобал ўзгаришларнинг ажралмас бир қисмига айланмоқда.

Мамлакатимизда БМТнинг Давлат хизмати куни тадбирлари замирида мужассамини топган эзгу амалларни рўёбга чиқариш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, шу кунларда мазкур йўналишда Президент Фармони қабул қилиниши ва Самарқанд Форуми ташкил этилиши:

бир томондан, жаҳон ҳамжамиятининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиши учун хизмат қилса;

иккинчи томондан, мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилиш, шунингдек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгандир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech