Инсон ҳуқуқлари таълими бўйича Андижон олий ўқув юртларида мониторинг ўтказилди

18 сентябрь куни Андижон вилоятидаги давлат олий таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш ҳолати бўйича мониторинг ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур мониторинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.

Ишчи гуруҳ таркибида Миллий марказ ва вазирлик мутахассислари иштирок этди. Улар Андижон давлат университети, Андижон давлат педагогика институти ва Андижон давлат тиббиёт университетида дарс жараёнларини кузатиб, талабалар ва ўқитувчилар ўртасида сўровнома ўтказдилар.

Мониторинг натижалари асосида таълим сифати юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли олий ўқув юртлари маъмуриятларига тақдим этилди.

Тадбир доирасида талабаларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича билимларини ошириш, ҳуқуқий саводхонликни кучайтириш ва таълим жараёнини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, кафедраларга ўқув жараёнларида фойдаланиш учун Миллий марказда чоп этилган махсус адабиётлар ҳам топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech