22 сентябрь куни мамлакатимизда "Автомобилсиз кун" акцияси бўлиб ўтади.
Ушбу экологик ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган муҳим саналар бўйича ўтказиладиган тадбирлар календарь-режасида кўзда тутилган.
Маълумки, Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги 37-сонли қарорига кўра, "Автомобилсиз кун" акциясини ҳар ойнинг тўртинчи чоршанбасида ўтказиш анъанага айланган. Мазкур жамоатчилик лойиҳаси соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва транспорт ҳаракати оқимини камайтириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.
Бу галги тадбир доирасида “Машинангизни уйда қолдиринг!”, “Пиёда бўлинг – тоза ҳаводан нафас олинг!” шиорлари остида барча даражадаги вазирлик ва идоралар, ташкилот ва корхоналар ходимлари ҳамда раҳбарлари томонидан ўз фаолиятини велосипед ёки экологик транспорт орқали амалга оширишга қаратилган акциялар ўтказилади.
Ушбу кунда давлат идоралари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, барча фуқароларга жамоат транспорти, велосипед каби экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Шахсий автомобиллардан воз кечиб, экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали ҳар биримиз ўзимиз нафас олаётган ҳаво тозалигига ҳисса қўшамиз. Айниқса, 2025 йил Ўзбекистонда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили, деб эълон қилингани ушбу экологик ташаббуснинг аҳамиятини янада оширади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.09.2025
- Кўришлар: 151
- Чоп этиш