Фарғона ва Андижонда хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказилди

17–18 сентябрь кунлари Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳридаги “Илтифот” ва “Шодиёна” ҳамда Андижон вилояти Қўғонтепа шаҳридаги “Юксалиш” ва Абдураҳмон Жомий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг қамровли мониторинг тадбирлари амалга оширилди. Бунда асосан хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлаш ва оиладаги маиший зўравонликка қарши курашиш ҳолати ўрганилди.

Мониторинг Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2023 йил 12 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилди.

Тадбир Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг 30 йиллиги доирасида амалга оширилди. Унда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маиший зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимоя ва ёрдам механизмларини баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мониторингнинг асосий мақсади – жамият ва оилада хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига қарши курашишда халқаро меъёрларга асосланган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW) талаблари бажарилиши устидан назоратни мустаҳкамлашдир. Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан маиший зўравонлик, гендер тенглик ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳамкорлигида кенг қамровли сўров ва тадқиқотлар ўтказилди.

Маълумот учун: Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW) БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йилда қабул қилинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, Ўзбекистон уни 1995 йилда ратификация қилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech