Олий Мажлис Сенатига БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матильда Богнер ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган инсон ҳуқуқларига оид ташаббус ва таклифлар алоҳида эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, Сенат ва БМТ тузилмалари ўртасидаги институционал ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар кенг жамоатчилик ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия лойиҳаси, шунингдек, халқаро мажбуриятларни амалга оширишга қаратилган парламент назоратининг янги шаклларини муҳокама қилди.
М.Богнер Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасида йўлга қўйилган очиқлик ва мулоқотни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ўқитиш, парламентнинг халқаро ҳисоботларда иштирок этиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилишга фуқаролик жамиятини фаол жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 24.09.2025
- Кўришлар: 78
- Чоп этиш