Россия Фанлар академиясида Академиянинг янги хорижий аъзоларига дипломлар топширилди

21 ноябрь куни Россия Фанлар академиясида РФАнинг янги хорижий аъзоларига тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Хитой ва Ўзбекистоннинг етакчи ҳуқуқшунос олимлари – профессор Мо Цзихун ва академик Акмал Саидов ушбу юксак унвонга сазовор бўлдилар.

Россия Фанлар академияси президенти ўринбосари, РФА Ижтимоий фанлар бўлими академик-котиби Талия Хабриева тантанали маросимни очар экан, ҳуқуқий тафаккур ривожига қўшган ҳиссаси юксак эътирофга лойиқ бўлган ҳамда  ўз илмий-амалий фаолияти билан адолатли ва барқарор дунё тартибини барпо этишда ҳуқуқнинг ўсиб бораётган ролини ёрқин акс эттириб келаётган таниқли ҳуқуқшунос олимларни тақдим этди. РФА хорижий таркиби янги аъзоларининг жамоатчиликка таништирилиши нафақат ушбу машҳур олимларнинг шахсий ютуқларини эътироф этиш, балки давлат чегараларини билмайдиган билимларнинг универсаллигини тасдиқлашнинг ўзига хос ифодаси ҳам экани таъкидланди.

Хитойнинг етакчи ҳуқуқшуносларидан бири, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Ҳуқуқ институти директори, профессор Мо Цзихун РФАнинг хорижий аъзоси дипломи ва фахрий нишони билан тақдирланди. У конституциявий мантиқнинг ноёб усули муаллифи сифатида танилган ва ўн йилдан ортиқ вақт давомида Евроосиё коррупцияга қарши кураш форуми ишида фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, тажрибали парламент аъзоси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва Халқаро конституциявий ҳуқуқ ассоциацияси аъзоси Акмал Саидовга ҳам РФАнинг хорижий аъзоси унвони берилди.

Дипломларни РФА вице-президенти, академик Владислав Панченко топширди. У бугунги кунда илмий-техникавий ҳамкорликнинг миллатлараро дастурларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини қайд этди. "Миллий қонунчиликларимиз сезиларли даражада фарқ қилгани учун уларни уйғунлаштиришимиз лозим. Бу қўшма лойиҳаларни энг самарали тарзда ташкил этиш ва глобал муаммоларга умумий ечим топиш учун зарур", – деди академик В. Панченко.

Хорижлик олимлар РФА аъзолари ва Ижтимоий фанлар бўлимига ишонч ва рағбат учун миннатдорчилик билдирдилар. Хусусан, "РФА жаҳон илмий ҳамжамияти учун ноёб майдон ҳисобланади, бинобарин, унинг аъзоси бўлиш мен ўз зиммамга олган ва виждонан бажаришга ваъда берган катта масъулиятдир," – деди академик А. Саидов.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech