Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди
17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси делегацияси аъзолари – Миллий марказ, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг 35 ва 24-сонли манзил колониялари бошлиқлари, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вакили Испаниянинг Алкала де-Энарес ҳудудида жойлашган Мадрид биринчи аёллар жазони ижро этиш муассасасида бўлдилар. Делегацияга Испания Пенитенциар муассасалари Бош котибияти халқаро алоқалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фернандо Де Ласала Порта ҳамроҳлик қилди.
Делегацияни Мадрид биринчи аёллар жазони ижро этиш муассасаси директори Хесус Морено ва унинг дастурлар ва моделлар бўйича ўринбосари Анхел кутиб олди. Учрашув аввалида мазкур муассаса вакиллари Ўзбекистон делегацияси аъзоларини муассасадаги шароитлар, маҳкумлар билан ишлаш, уларни қайта тарбиялаш ва жамиятга интеграция қилиш, уларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш, таълим олиши ва касбга ўргатишга қаратилган чора-тадбирлар билан таништирди.
Учрашув ижобий руҳда ва савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Муассаса мутасаддиларининг Ўзбекистонда амал қилаётган қийноқларнинг олдини олиш ва назорат қилиш тизими, бунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли тўғрисидаги саволларига атрофлича жавоб берилди.
Шунингдек, делегация аъзолари вакилларига мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, юртимизнинг аёллар колониясидаги хавфсизлик ва тартибни сақлаш, уларга яратилган шароитлар, бандликни таъминлаш, таълим ва бошқа имкониятларга оид маълумотлар тақдим этилди.
Шундан сўнг, делегация аъзолари муассасадаги модуллар, камералар, тиббиёт хизмати кўрсатиш шароитлари, спорт мажмуалари, савдо шохобчалари, машғулот бинолари, касбга тайёрлаш, таълим ва бошқа шароитлар билан тўғридан-тўғри танишиши имконига эга бўлдилар. Танишув давомида делегация аъзолари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.
Маълумот учун: Алкала де-Энаресдаги Мадрид биринчи аёллар жазони ижро этиш муассасаси 1981 йилда Швейцария модели асосида барпо қилинган. Муассаса 700 нафар маҳкумани сақлаш учун мўлжалланган.
Бугунги кунда муассасада 515 маҳкума сақланмоқда. Бу маҳкумаларнинг учдан икки қисми чет эл фуқаролари бўлиб, улар асосан Испания ҳудудига гиёҳванд моддаларни олиб киришга ҳаракат қилгани учун қўлга олинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский