Имтиёз ва ижтимоий кафолатларни таъминламаган мансабдор шахсларга жарима солинади

“Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Мазкур қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, шаҳарсозлик ҳужжатларига уларда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳанинг алоҳида бўлими мавжуд бўлмаган ҳолда эксперт ташкилотлар томонидан ижобий хулоса бериш БҲМнинг 50 бараваридан 70 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, "Инсон" марказлари, Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг қонунчиликда белгиланган талабларини бажармаслик фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса  5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун қонунчиликда белгиланган имтиёз ва ижтимоий кафолатларни таъминламаган   мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади.  

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида БҲМнинг 100 бараваригача тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларига даромад солиғи солинмайди.

Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech