Мадриддаги Инсон ҳуқуқлари институтида учрашув
17 декабрда Ўзбекистон делегациясининг Испанияга амалий ташрифи давомида Карлос III номидаги Мадрид университетининг Инсон ҳуқуқлари институтида учрашув бўлди. Унда Институт директори Карла Боронко, директор ўринбосари Хавиер Дорадо ва халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Эрено Висенте иштирок этди. Учрашув Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Грегорио Песеса-Барба номидаги Инсон ҳуқуқлари институти 1993 йил 28 майдаги Қирол Фармони билан ташкил этилган. Институт фаолияти Мадрид университетининг юридик фанларнинг турли соҳалари бўйича профессорларидан иборат академик ҳамжамият томонидан амалга оширилади.
Институт директори К. Боронко делегация аъзоларини институт фаолияти, асосий фаолият йўналишлари билан таништирди. Институтнинг Испанияда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги иккинчи миллий стратегияни ишлаб чиқишда тутган ўрни, инсон ҳуқуқларининг турли йўналишлари, жумладан, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглик, ногиронлар ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширган лойиҳалари ҳақида қисқача маълумот берди.
Учрашув давомида Институт вакиллари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар самаралари билан таништирилди. Жумладан, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим каби йўналишларда эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқотда олий таълимдан кейинги таълим, инсон ҳуқуқлари соҳасида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ишлаш, муқобил маърузалар тайёрлаш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни биргаликда олиб бориш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар мазкур учрашув ўзаро ҳамкорликнинг бошланиш нуқтаси эканлигини таъкидладилар.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари шу куни Испания давлат тадқиқот университети – Мадрид Комплутенс университетига ташриф буюрди. Мадрид университети дунёнинг энг қадимий ва нуфузли университетларидан ҳисобланади. Университет битирувчилари ва профессорлари орасидан 7 та Нобель мукофоти совриндорлари ва кўплаб бошқа нуфузли мукофотлар совриндорлари ҳамда юқори мартабали мансабдор ва бошқа шахслар чиққан.
Университетнинг процессуал ҳуқуқ факультети декани ва бошқа профессорлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу жараёнларда делегация аъзоларига университет, шу билан бирга факультет фаолияти, шунингдек, Испаниянинг жиноят ва фуқаролик процессуал қонунчилиги тарихи ва амалиёти хусусида атрофлича маълумот берилди.
Бу ерда процессуал ҳуқуқнинг турли йўналишларида ва турли давлатлар вакиллари учун амалиёт мактаблари фаолият юритиши таъкидланиб, уларни амалга ошириш тартиби билан меҳмонлар таништирилди. Факультет вакиллари Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги қонунчилиги ҳақидаги саволларига ҳам тегишлича жавоб олдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский