Ўзбекистоннинг БМТ органлари учун миллий маърузалар тайёрлаш тажрибаси Испания вакилларида қизиқиш уйғотди

18 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг 35 ва 24-сонли манзил колониялари бошлиқлари, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вакилидан иборат мамлакатимиз делегацияси Испания Адлия вазирлигига ташриф буюрди.

Бу ерда Испания Адлия вазирининг халқаро-ҳуқуқий муносабатлар бўйича маслаҳатчиси Мариа Хосе Саварри, Ташқи ишлар вазирлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси бош директори ўринбосари Оскар Ревуелта, шунингдек, Виолета Мартин Педрегал ва бошқа расмийлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот асносида Ўзбекистон делегацияси вакили Дилноза Муратова мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлади. Хусусан, Янги Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг ижроси ва кейинги даврда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, гендер тенгликни таъминлаш, болалар каби аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим натижаларга эришилгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг кафолатлари, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, судлар мустақиллигини таъминлаш, миллий превентив механизм ва бошқа муҳим стратегик қадамлар ҳақида маълумот берилди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг БМТ органларига тақдим этадиган миллий маърузаларини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш бўйича тажрибаси Испания вакилларида қизиқиш уйғотди ва ижобий тажриба сифатида эътироф этилди.

Ўз навбатида, Испания томонидан масъул вакил Оскар Ревуелта Испаниянинг инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Миллий стратегияси ҳақида тақдимот ўтказди. У мамлакатда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, шунингдек, Испаниянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органларига миллий маърузаларни тайёрлаш ва тақдим этиш борасидаги илғор тажрибалари билан ўртоқлашди.

Шу билан бирга, Қийноқларга қарши конвенция қоидаларининг Испанияда амал қилиши ҳақида атрофлича маълумот берилди. Бу ўринда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Испания миллий превентив механизмининг ўзига хос хусусиятлари билан ҳам яқиндан таништирилганини таъкидлаш лозим.

Учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Айниқса, рақамли адлия тизимини жорий этиш, миллий маърузалар тайёрлаш ва тақдим этиш, аёллар ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида фикр ва тажриба алмашилди.

 Шунингдек, меҳмонларнинг индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича саволига жавоб берар экан, жаноб Оскар Ревуелта бу борадаги Испания тажрибасига батафсил тўхталди.

Учрашув ишчан кайфиятда ва ўзаро ишонч руҳида ўтди. Томонлар икки давлат ўртасидаги ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолаб, келгусидаги истиқболли йўналишларни муҳокама қилдилар.

Мулоқот якунида томонлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳуқуқий соҳада доимий мулоқотни давом эттириш, ўзаро делегациялар ташрифини тизимли йўлга қўйишга келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech