“Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолиблари тақдирланди
23 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 77 йиллиги ва 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан эълон қилинган “Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги” доирасида ўтказилди.
Кейинги йилларда юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини юксак қадрлаш ғоясига бағишланган ислоҳотлар нафақат самарали, балки кенг қамровлилиги ва изчиллиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танловини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Мазкур танловнинг ташкил қилиш бўйича Низом 2023 йилда тасдиқланиб, шундан буён ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб танловнинг 6 та номинацияси бўйича жами 176 нафар иқтидорли, ташаббускор ва фаол иштирокчи ўз илмий-ижодий ишлари, лойиҳалари ва илғор ғояларини тақдим этди.
Низомга кўра, агар маълум бир номинация бўйича 3 та ёки ундан кам ариза келиб тушган бўлса, ўша номинацияда танлов ўтказилмайди. Шу сабабли, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши ўқув адабиётлари: босма ва электрон ўқув адабиёти” ҳамда “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши ўқув курси” номинациялари бўйича ғолибларни аниқлаш масаласи кўриб чиқилмади.
Айниқса, танловга инсон ҳуқуқларининг долзарб масалаларига бағишланган 70 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақола, 15 та илмий-инновацион лойиҳа, 20 дан зиёд видеоролик, шунингдек, бир қатор ўқув адабиётлари келиб тушганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу, шубҳасиз, юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тарғиб этиш ва ўсиб келаётган авлод онгида инсонпарварлик қадриятларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Ҳар бир иш мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан пухта, синчиклаб кўрилди ва холисона баҳоланди. Энг муносиб ишлар танлов ғолиблигига тавсия қилинди.
Шунингдек, бу йил “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши билимдон” номинацияси икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда иштирокчилар билим даражасини тест синовлари орқали намоён этган бўлса, саралашда энг юқори натижаларни қўлга киритганлар иккинчи босқичга – суҳбат жараёнига таклиф этилди. Бу босқичда улар экспертлар томонидан берилган инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига оид саволларга атрофлича жавоб бердилар.
Қуйидаги иштирокчилар “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танловининг жорий йилги ғолиблари сифатида эътироф этилди:
“Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши видеоролик” номинацияси бўйича:
1-ўрин - Қурбонова Нафиса Шавкат қизи, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистранти;

2-ўрин - Жўраев Адхам Мингзия ўғли, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раиси;

3-ўрин – Воҳидов Нурзодбек Илхомжон ўғли, “МТВ” телеканали журналисти;
“Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши инновацион ғоя муаллифи” номинацияси бўйича:
1-ўрин – Содиқов Жахонгир Тошпулат ўғли, Шаҳрисабз давлат педагогика институти ўқитувчиси;

2-ўрин – Рустамов Жавлон Бозор ўғли, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети талабаси;

2-ўрин - Азизова Фарангиз Яшин қизи, Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби 8-синф ўқувчиси;

3-ўрин - Жалолиддинова Комила Мухаммад Олим қизи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети, “Юриспруденция” 3-курс талабаси;

“Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши билимдон” номинацияси бўйича:
1-ўрин – Валижонов Далер Дилшодович, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) доценти;

2-ўрин – Абдуқодиров Раҳмиддин Ҳазратқул ўғли, Тошкент давлат юридик университети талабаси;

3-ўрин – Ғаниев Хуршидбек Ёқубжон ўғли, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Юриспруденция: Тергов фаолияти” йўналиши 3-курс талабаси;

3-ўрин - Жамилова Жасмина Жамшид қизи, Бухоро вилояти Гиждувон тумани 67-мактабнинг 11-синф ўқувчиси;

“Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши мақола: энг яхши илмий мақола ва энг яхши оммабоп мақола” номинацияси бўйича:
1-ўрин – Вапаев Каримбой Музаффар ўғли, Омбудсман Девони мутахассиси, Тошкент давлат юридик университети, Жиноий одил судлов факультети 4-босқич талабаси;

2-ўрин - Ғофуржонов Низомиддин Акмалжон ўғли, “Ўзбекистон” НМИУ МЧЖ юрисконсульти;

2-ўрин - Ёдгорова Зебо Нурбек қизи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Юриспруденция йўналиши 3-курс талабаси;
3-ўрин – Ҳабибуллаев Муҳаммадражаб Обиджон ўғли, Фарғона давлат университети, юриспруденция йўналиши 1-босқич талабаси;

3-ўрин - Абдусаломов Илҳомжон Абдуқаюм ўғли, “Адолат” СДП Марказий аппарати етакчи мутахассиси, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети 3-босқич талабаси.

Танлов ғолибларига ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва махсус диплом тақдим этилди.
Шунингдек, тадбирда ушбу танловни ташкил қилишда самарали кўмаги учун ҳамкор вазирлик ва идоралар вакилларига ташаккурномалар тақдим этилди.

Мазкур миллий танлов инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва инновацияларни рағбатлантириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда ушбу соҳада илмий изланишларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Танлов ғолиблари ва фаол қатнашчиларининг муваффақиятлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга рағбат бўлиб хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский